Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги 485-сон қарори билан Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали фаолияти ташкил этилди.

Қарорга қўра, институт Фанлар академиясидан Маданий мерос агентлиги тузилмасига ўтказилди.

Институтнинг вазифаларига қуйидагилар киради:

  • Қадимги тош асридан бошлаб ривожланган ўрта асрларни ўз ичига олган Марказий Осиёнинг моддий ва маънавий маданияти тарихини ўрганиш борасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш;
  • тадқиқ этиладиган даврлар маданиятлари хронологиясини ва даврлаштирилишини ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон ҳудудининг ибтидоий одамлар томонидан ўзлаштирилишини, цивилизациянинг шакллантирилишини, илк шаҳарлар давлатчилик, қадимги жамиятлар дунёқарашини, жаҳон динлари пайдо бўлишини ва ривожланишини, савдо-сотиқ муносабатлари ва «Буюк ипак йўли» тарихини ўрганиш;
  • ҳунармандчилик, металлургия ва кон иши, археологик ёдгорликларни аниқлаш, археологик тадқиқотлар олиб бориш, харитага тушириш ва илмий муомалага киритиш;
  • республика ҳудудидаги ноёб археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
  • археологик топилмаларни таъмирлаш услуби ва қадимий технологик усулларни тиклаш ҳамда ушбу йўналишда ваколатли орган томонидан берилган тегишли рухсатномага эга бўлган археология тадқиқотларини жалб қилиш;
  • археология соҳасида илмий кадрлар тайёрлаш, Институтнинг илмий йўналишларидан келиб чиқиб, жаҳон илм-фани ютуқларини ўрганиш, улардан фойдаланишни ҳамда маҳаллий ва халқаро миқёсда қўшма тадқиқотлар ташкил этиш.

Шунингдек, институт республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш ҳамда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини археологик изланишларга кенг жорий қилиш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган давлат илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.