14-сентябр куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш доирасида Миср ва Қатар давлатларига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақоми бериш тўғрисида меморандумлар имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатларни ШҲТ бош котиби Чжан Минг, Миср ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳамди Санад Лоза ва Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий имзолади. Ўзбекистон томонидан эса тадбирда ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов иштирок этди.

Меморандумлар ШҲТ ва юқоридаги давлатлар ўртасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва инвестиция, энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутади.

Ҳамкор давлат мақоми ташкилотга аъзо давлатларнинг таклифига биноан ШҲТ доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Аввалроқ Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида олти давлат, хусусан тўртта араб давлати ҳамкор мақомини олиши ҳақида хабар берилганди. Бунгача ШҲТ мулоқотида олти давлат — Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкорлик мақомида бўлган.