7-синф «Ўзбек тили» дарслигига Мурод Назаров ҳақидаги матн киритилгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Республика таълим маркази мазкур вазиятга нисбатан тушунтириш берди.

Таъкидланишича, таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили коммуникатив ёндашув асосида ўтилади.

«Бу ёнашувнинг асосий мақсади ўқувчиларда тил кўникмаларини (эшитилган ёки ўқилган матнни тушуниш, ёзиш, гапириш) ривожлантириш ҳисобланади, чунки тил кўникмаларисиз самарали коммуникацияни (мулоқотни) таъминлаш имконсиз. Коммуникатив ёндашувнинг муҳим талабларидан бири — тил кўникмаларини ривожлантириш учун топшириқларнинг аутентик (ўргатилаётган тильда яратилган реал манбалар) асосида тузилиши», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ОАВдаги хабар ва мақолалар, жамоат жойларидаги эълонлар, хариталар, чипталар — тил эгалари реал вазиятларда дуч келадиган ҳар қандай манба шундай аутентик материал вазифасини бажариши мумкин.

«Бундай материалларнинг ўқувчи замонига, кундалик ҳаётига яқинлиги ҳам коммуникатив тил ўқитишнинг самарасини таъминлайди», — деган фикрда муаллифлар.

«Мурод Назаров ҳақидаги матн ҳам ўқиб тушуниш компетенцияларини ривожлантириш учун аутентик материал сифатида танланган. Бунда матннинг тили (лексика ва грамматикаси) ўрганилаётган тил даражаси учун мослиги ва дарснинг коммуникатив мавзусига мослиги эътиборга олинган», — дейилади муаллифлар жамоаси изоҳида.

Бунга мисол тариқасида «Think» инглиз тили дарслиги (мазкур дарсликдан президент мактабларида инглиз тилини ўқитишда фойдаланилади) ва «Prima» немис тили дарслигидаги матнларни келтирилган.


«Think»да ўқиб тушуниш ва гапириш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар «Симпсонлар» ҳамда бошқа телесериаллар қаҳрамонлари ҳақидаги матн асосида ривожлантирилган. «Prima»да эса («Prima A2: Deutsch fur Jugendliche», Cornelsen Schulverlage GmbH) ҳали ҳаёт бўлган спортчилар ҳақида матндан фойдаланилган, дейилади хабарда.