4 сентябрь куни Навоий вилояти Кармана туманидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси қирғоқларида кўплаб балиқларнинг нобуд бўлганлиги аниқланди. Бу ҳақда шу куни соат 9:15 атрофида маҳаллий аҳоли Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ишонч телефонига мурожаат қилди.

Вилоят Экология бошқармаси маълум қилишича, 25 нафар ходим жалб қилиниб, тезкор равишда ишчи гуруҳ тузилган ва воқеа жойига бориб ўрганилган.

Бунинг натижасида жами 829 дона балиқ (486 дона товонбалиқ, 113 дона сазан, 121 дона сом балиқ, 12 дона туркистон мўйловдори, 97 дона Самарқанд храмуляси) нобуд бўлганлиги аниқланди.

«Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида „Навоийазот“ АЖ ва „Навоий иссиқлик электр станцияси“ АЖ корхоналарининг Зарафшон дарёсига ташланадиган оқова сувларидан, жумладан, „Навоийазот“ корхонасининг 219-қудуқ, 214-қудуқ, 480-цех ва дарёга қуйиладиган 267-қудуқлардан оқова сувлар намуналари олинган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, балиқларнинг оммавий нобуд бўлиш сабабларини аниқлаш учун вилоят Ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташхиси лабораторияси томонидан нобуд бўлган балиқлардан намуналар олинган. Нобуд бўлган 829 дона балиқларни дарёдан йиғиб олиш учун қўшимча равишд резина қайиқлар ва Экология бошқармасининг давлат инспекторлари жалб этилиб, дарёдан йиғиб олиш чоралари кўрилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, табиатга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида ҳам Давлат экология қўмитаси «Навоийазот» корхонаси қудуғидан саноат чиқиндиларининг Зарафшон дарёсига ташланганини аниқлаганди. Ўшанда хавфли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияси бир неча бор ошиб кетиши балиқларнинг оммавий заҳарланишига олиб келгани айтилганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, «Навоийазот» кохонаси балиқларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлган саноат чиқиндиларининг Зарафшон дарёсига ташлангани юзасидан муносабат билдирганди. Таъкидланишича, «сўнгги даврда оқава сувларнинг сифати ўзгаришларсиз» бўлган. «Ташланма сувлардан лаборатория тахлиллари олиниб кейинчалик Зарафшон дарёсига юборилади», — дейилганди хабарда.