АОКАда Хотин-қизларни тадбиркорлик марказларида ўқитиш ҳолати, уларни тадбиркорликка жалб қилиш масалалари юзасидан брифинг ўтказилди.

Тадбир давомида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 388 874 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Бу мақсадлар учун 12 млрд сўмдан зиёд маблағ жалб этилди.

Келгусида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

2022 йилда мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг жами 4 триллион сўм қисми тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилиши таъминланади.

Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтларининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиявий ресурслари жалб этилиши белгиланган.

Шунингдек, хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда маҳаллий ва жаҳон логистика компаниялари билан алоқалар ўрнатилмоқда.