Самарқанд вилоятидаги «Ингичка» конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ҳисобига вольфрам концентратини ажратиб олишга муваффақ бўлинди, дея хабар берадиОКМК Ахборот хизмати.

Хабар берилишича, коннинг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш эвазига йилига 100 тонна вольфрам олинади. Ушбу лойиҳа 150 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди.

Вольфрам — нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади. Вольфрамдан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади. Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлганлиги учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 кг вольфрамнинг нархи — 40 доллар.

Маълумот учун, «Ингичка» Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳридан жанубий шарқца Зирабулоқ тоғларида жойлашган кон. «Ингичка» жорий йилда «Олмалиқ КМК» АЖ тасарруфига ўтказилган.