Ўзбекистон ҳукумати хориждан импорт қилинадиган автомобилларни сертификациялаштириш жараёнини осонлаштириш юзасидан иш олиб бормоқда. Ушбу масала 17 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳафталигида муҳокама қилинди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Premium Auto компаниясининг раҳбари (BMW, Volvo ва Nissan компаниялари расмий вакили) Шавкат Нурматов Ўзбекистонда люкс типдаги автомобилларни импорт қилиш ошганлиги ҳақида айтиб ўтди. Аммо унинг фикрича, импорт жараёнида компания транспорт воситаси турини маъқуллаш сертификати билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

ТВТМ (ОТТС) — мамлакатда илгари фойдаланилмаган муайян автомобиль модели учун техник хусусиятларнинг қонунийлиги ва хавфсизлигини тасдиқловчи сертификат.

«Агар юридик шахс биттадан ортиқ автомобиль олиб кирса, демак, у маъқуллашни амалга ошириши керак. Сертификатни олиш учун эса сиздан ҳар бир марканинг иккита автомобилини тақдим этиш сўралади. Бизда 12 та марка бор, «Ўзстандарт»га 24 та авто тақдим этишимиз, 500 млн тўлашимиз, иккита ходимимизни Америка ва Германияга жўнатишимиз керак бўлади. Натижада автоуловнинг таннархи бир неча баробарга ошади», — дея фикр билдирди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат бренд автомобилларни жисмоний шахслар орқали импорт қилишнинг ошишига олиб келди.

«Аниқ рақамлар эсимда йўқ, аммо менимча, ярим йил ичида Ўзбекистонга 5000 га яқин „иномаркалар“ импорт қилинган. Уларнинг барчаси юридик шахслар эмас, жисмоний шахслар номидан амалга оширилган. Агар ҳар бир автомобилдан келган фойда 4000 -5000 долларни ташкил этса, мана шу олинган даромаддан солиқ тўланмаган. Бу жуда катта сумма», — дея қайд этди у.

Шавкат Нурматов «Германия маҳсулотни сертификатлаш ва ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат ҳисобланади, биз эса бу ерда, гарчи уларни текшириш учун ҳеч қандай шарт-шароит бўлмаса ҳам яна қўшимча сертификат талаб қиламиз, дея қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Швециянинг Волво ва Германиянинг BМW автомобил маркалари «биз фақат ва фақат интилишимиз керак бўлган сифатга эга.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов жавобан 38 та давлат ўртасида турни тасдиқлаш ва ўзаро синов ҳисоботлари алмашиш бўйича келишув мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

«Тахмиман бир ой олдин биз бу масала юзасидан фикр юритиб, турни маъқуллаш бўйича таклифлар бердик. Биз турни тасдиқлашнинг халқаро моделдаги андозасини қабул қилмоқчимиз. Ҳозир „Ўзстандарт“ ва бошқа божхона органларини айблай олмайман, чунки умумий қоидалар бор… Ўзбекистон ҳам ушбу конвенцияни имзолаган давлатлар қаторида турни маъкуллаш стандартларини тан олиши керак. Бунинг учун биз синов протоколларини олишимиз керак, улар асосида биз турни тасдиқлаймиз», — деди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлаши бўйича, Европа ва қўшни давлатлар ҳам ушбу моделга амал қилади. Ўзбекистонда синов ҳисоботлари асосида типни тасдиқлаш таклифи кўриб чиқилмоқда.

«Яъни BMW’ни ишлаб чиқарган заводга бирор нарсани яширишнинг кераги йўқ, чунки у сертификатланган ва аккредитациядан ўтган лабораторияда протоколни синовдан ўтқазган… Турга рухсат бериш учун «Ўзстандарт»га ушбу хужжатни тақдим этишнинг ўзи етарли бўлади. Турни тасдиқлаш битта транспорт воситасига берилади ва шундан сўнг ҳар қандай шунга ўхшаш автомобиль ҳеч қандай сертификатлаш талабларисиз импорт қилинади. Яъни, бир марта тасдиқланган бренд иккинчи марта тасдиқланмайди», — деди у.

Дилшод Султоновнинг айтишича, айни дамда ушбу протоколларни қандай олиш тафсилотлари аниқланмоқда.

«Чунки расмий БМW дилери сифатида сиз [сертификат] олишингиз мумкин. Аммо эски машинани бошқараётган фуқаронинг тақдири нима бўлади. Унда маъкуллаш сертификати йўқ. Бошқа мамлакатларда у юридик шахс бўладими ё жисмоний шахс бўладими, ушбу машина турини тасдиқлашдан ўтказиши керак. Айрим давлатлар бундан мустасно. Вақт берсангиз, биз бу ишни охиригача етказамиз», — дея ишонтирди у.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Дилшод Сатторовнинг хабар беришича, Транспорт вазирлиги сертификатлаштириш, баҳолаш, транспорт воситаларининг турини маъқуллаш, экологик синов ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф тайёрламоқда.

Унинг фикрича, ушбу ҳужжат тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш ва автомобиль импортини шаффофлаштиришга ёрдам беради.

Premium Auto компанияси директори автомобилларни сертификатсиз олиб кириш мумкин бўлган 16 давлат билан тузилган шартномага ишора қилди.

«Ҳатто протокол эмас, президент фармони бор… 16 давлат, жумладан, Германия [ҳам имзолаган]. Бунда сертификатлаш шарт эмас. [Нима учун ҳозир сертификатлашаётганини] билмайман», — деди ТТСА раҳбари.

Таниш муаммо

Ушбу масала аввал ҳам Антимонополия қўмитаси томонидан 2020 йилнинг мартида UzAuto Motors автомобиллари нархларининг оширилиши юзасидан билдирилган муносабат вақтида кўтарилган эди.

2019 йилда амалда бўлган барча хўжалик юритувчи субъектларга автомобилларни импорт қилишда тенг шартлар таъминлаш имкониятини берган имтиёзли тартиб 2020 йил 1 январидан бекор қилинган, «бироқ „UzАuto Motors“ АЖ томонидан Single Unit Package (тайёр ҳолда) шаклида олиб кирилаётган ёки амалда импорт қилинаётган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган енгил автомобилларга акциз солиғи ва божхона ставкаларига бўлган имтиёз сақланиб қолинган», — дея қайд этган Қўмита.

Шунингдек, қўмита хорижий корхоналар дилерлари томонидан импорт автомобилларга Ўзбекистон ҳудудида стандартлаштириш ва климатик синов талаблари меъёридан ортиқ қўйилганлигини ҳам таъкидлаган.

Агар расмий дилер бир йилда битта моделдаги автомобилни бир дона миқдорида олиб кириши мумкин, бир донадан ортиқ олиб кириладиган бўлса, модель махсус синовлардан, яъни сертификатлаштириш ва климатик синовдан ўтказилиши лозим, бунда ҳар бир модель 2 донадан тест синови учун берилиши ва 15 минг км масофани республика ҳудудида босиб ўтиши лозимлиги, шунингдек, ҳар бир тест синови учун ўртача 30 млн сўм тўланиши, стандартлаштириш ходимларини ишлаб чиқарувчининг заводига дилер ҳисобидан юборилиши кераклигини тасдиқлади.

Бундан ташқари, эҳтиёт қисмларни сертификатлашда, жумладан автотранспорт воситаси шиналарини «Ўзстандарт» агентлиги синов лабораторияларига мувофиқлик сертификатини олиш учун берилганда айрим кўрсаткичлар бўйича лаборатория синовлари ўтказиш имкониятининг йўқлиги ҳам айтиб ўтилганди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритишда тенг шароитлар яратиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Қўмита томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига енгил автомобилларга амалдаги импорт божи ва акциз солиғини ставкаларининг пасайтирилиши ва импорт асосида олиб келинган енгил автомобиллар учун сертификатлаштириш ва климатик синовлар жараёнларининг ўтказилиши тартибини соддалаштириш масаласини Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Республика Кенгашининг йиғилишида кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилинди.