Андижон шаҳрида фуқарони хорижга ишга киритиб қўйишни ваъда қилган сохта тадбиркорлар ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Фуқаролар Т.А. ва Ж.М. фуқаро А.га гўёки ўзларини Тошкент шаҳридаги хусусий бандлик агентлигининг вилоят филиали ходимлари сифатида таништиргани ва 11 000 доллар эвазига Жанубий Кореяда кемасозлик заводига ишга киритиб қўйишни ваъда берганлиги айтилмоқда.

Ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчилар олдиндан 700 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Агар суд давомида тадбиркорлар айбдор деб топилса, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.