«Газета.uz» Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Дархон маҳалласида жойлашган «Кунжутлитепа» ёдгорлиги бузиб ташлангани ҳақида хабар берган эди. Маҳаллий фуқаро илк ўрта асрларга оид шаҳарчани тўлиқ бузиб ташлаб, ундан чиққан тупроқни сотиб юборган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумондор ҳибсга олинди.

Таҳририят сўровига жавобан Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати шаҳарча ҳақида қисқача маълумот берди, шунингдек, унинг аввалги, бузиб ташланаётган пайтдаги ҳамда бузиб ташлангандан кейинги ҳолатлари акс этган суратларни тақдим этди.

Маданий мерос агентлиги реестри маълумотларига кўра, «Кунжутлитепа» V-VII асрларга оид ёдгорлик. Шу билан бирга, ҳукуматнинг 2019 йилдаги қарорида «Кунжутлитепа» шаҳарчаси Ўзбекистон моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига XVIII асрга тегишли экани қайд этилган.

Шаҳарчанинг майдони 80×30 м, баландлиги — 8 метр. Вайронагарчилик даражаси оғир деб баҳоланди. У Шов қишлоғи ҳудудида, «Чилламозортепа»дан 100 метр ғарбда жойлашган. Рельефида бир нечта тепаликлар мавжуд бўлиб, эҳтимол, бу қадимий уйларнинг қолдиқлари бўлган. Археология институти экспедицияси шаҳарчанинг шимолий қисмида 2021 йилда замонавий уйлар қурилганини аниқлади.

Фото

Аввалги ҳолати:

Бузилаётган пайтдаги ҳолати:

Бугунги ҳолати: