6 июнь куни Олий Мажлис конунчилик палатасида ХДП фракция аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида, хусусан, дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорларини ошириш таклиф қилинмоқда.

Хусусан, бундай ҳолатда фуқаролар БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача (3−4,5 млн сўм), мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 20 бараваригача (6 млн сўм) жарима белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.

«Фракция аъзолари томонидан лойиҳадаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар берилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди», — дейилади хабарда.

Қайд этилганидек, эълон қилинган мораторийга қарамай, ўсимлик дунёси объектларига нисбатан шахсларнинг тажовузкор ҳаракатлари давом этмоқда. Бу эса жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўляпти. Чунончи, 2019 йилда 3733 та, 2020 йилда 7812 та, 2021 йилда 8243 та дарахтни ноқонуний кесиш фактлари аниқланган.