Президент 17 август куни «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги [ЎРҚ-790-сон] қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қонун билан фавқулодда вазиятлар рўй бериш манбаига қараб табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларга бўлиниши белгиланди.

Ҳужжатда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ФВВ ҳисобланиши қайд этилган.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар зоналарида ишлаган фуқароларга бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.

Қонунда прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб муайян ҳудудда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг қуйидаги режимлар ўрнатилади:

  • кундалик режим — муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;
  • юқори тайёргарлик режими — фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;
  • фавқулодда вазият режими — фавқулодда вазиятлар рўй берганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.

Ҳужжат билан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга оид ахборотни яшириш, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этиш тақиқланиши белгиланди.

Бундан ташқари, давлат томонидан фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳолати, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, прогноз қилинаётган ёки рўй берган фавқулодда вазиятлар, улардан муҳофазаланиш усуллари тўғрисида ОАВ орқали аҳоли ўз вақтида ва ишончли хабардор қилиниши шарт этиб белгиланди.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларни эълон қилиш маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда — ҳокимларнинг тегишли қарорлари билан, республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда — ҳукумат қарори билан амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Аввалроқ, Сенатнинг 28-ялпи мажлисида маъқулланган мазкур қонун билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, унинг оқибатларини бартараф этиш, молиявий ва моддий ресурслар ажратиш тартиби белгилаб берилгани ҳақида хабар берилган эди.