Сенатнинг 28-ялпи мажлисида «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун бир овоздан маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида қайд этилмоқда.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларни бажариш, эълон қилиш хавфи юзага келганлиги тўғрисида аҳолига хабар бериш, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг аниқ вазифалари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларига раҳбарлик қилиш ва яна бир қатор ҳолатлар янги нормаларда мустаҳкамланди.

Вазирлик унинг ваколатларига аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ижросини таъминлайди. Кутилмаган вазиятларни олдиндан прогноз қилади. Унинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш режаларини ишлаб чиқади.

Шунингдек, ҳужжатда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВнинг иштирок этиш тартиби белгиланди.

Хусусан, вазирлик кутилмаган ҳодисаларни бартараф этишда иштирок этиш, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, ушбу қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва шошилинч тарзда фойдаланиш тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тартиби, эълон қилиш, бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва раҳбарлик қилувчи шахсларнинг ваколатлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг (Миллий гвардия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Қурилиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ва бошқалар) вазифалари янги алоҳида моддаларда белгиланган.