16 август куни соат 13:50да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1947 йилда туғилган фуқаро тўрт набираси билан тоғда адашиб қолгани ҳақида хабар келиб тушди, дея маълум қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Аниқланишича, 15 август куни ушбу гуруҳ Бўстонлиқ туманидаги тоғларга юришга чиққан, бироқ қоялардан ошиб ўта олишмаган, пастга ҳам тушолмай қолишган.

Чимён ёнғин-қутқарув отрядининг 10 нафар мутахассиси зудлик билан қидирув-қутқарув ишларига киришди. Қидирув деярли тўрт соат давом этди, ниҳоят бобо ва набиралар Мозорсой ва Тешиктош тоғлари ҳудудида, энг яқин аҳоли пунктидан 15 км узоқликда топилди.

Қутқарувчилар уларга чўққидан тушишга ёрдам бериб, психологик ёрдам кўрсатди. Ҳеч ким шикастлангани йўқ.