Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қаршидаги Qarshi Leather тери заводи атрофида содир бўлаётган вазият юзасидан маълумот берди.

Аввалроқ заводдан таралаётган бадбўй ҳиддан норози бўлган аҳоли завод олдига йиғилгани ҳақида хабар берган эдик. Фуқаролардан бири завод раҳбари унга таҳдид қилаётганини айтиб, ўзини ёқиб юборди. Ўтган йили эса завод ҳаво, тупроқ ва сувни ифлослантираётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Бошқарма юқоридаги хабар бўйича тадбиркорлик субъектини ўрганиш бўйича ваколатли органлардан тегишли рухсатномалар олиб, ўз ваколати доирасида тезкор ўрганишлар ўтказилишини маълум қилди.

Давлат органи маълумотларига кўра, бунгача экоинспекторлар Qarshi Leather заводида бир неча бор текширув ўтказган ва қатор қонунбузарликларни аниқлаган. 2021 йил март ойида иқтисодий суд компаниядан 284 млн сўм миқдорида мажбурий компенсация тўловлари ундириш бўйича қарор қабул қилган.

Берилган экологик экспертиза хулосаси талабларининг бажарилиши, ифлослантирувчи моддаларнинг меъёр даражасидан юқори чиққани ва ўрнатилган талабларига риоя этилмагани бўйича аниқланган камчиликлар ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик учун кейинги ўрганишларда 346 млн сўм миқдорида маъмурий компенсация тўлови ҳам ҳисобланган.

Ўрганишлар якунида амалдаги қонунларга тўла риоя этиш бўйича бир неча бор мажбурий кўрсатмалар берилган. 2021 йил ноябрь ойида вилоят Экология бошқармаси томонидан иқтисодий судга мазкур хорижий корхонанинг фаолиятидаги камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча тўхтатиш масаласида ариза киритилган.

Завод раҳбарининг 2022 йил март ойидаги вилоят экология бошқармасига юборган хатида корхона Хитой давлат инвесторлари томонидан 2022 йил 1 март кунидан номаълум муддатга тўхтатилгани, корхонанинг сувларини канализация қувурига қўйиш бўйича бирор бир тўсиқ ва тақиқлар бўлса, улар томонидан киритилган инвестиция маблағларини олиб чиқиб кетиш ҳамда корхона фаолияти бутунлай тўхтатилиши маълум қилинган. Шунингжек, корхонанинг иш фаолиятини қайта тиклаш учун Қарши шаҳар канализация қувурининг ғарбий нуқтасига чиқинди оқова сувларини қуйиш айтилган.

2021 йилги тозалашдан олдин ҳудуд шундай кўринишда бўлган (чапда). Фото: Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси.

Шунингдек, 2021 йил октябр ойида мазкур МЧЖ шаклидаги хорижий корхонадан аҳоли яшаш масканларига яқин бўлган жуда катта майдонга ноқонуний ташланган чиқинди оқова сувларини тозалаш учун вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ, вилоят Экология бошқармасидан ишчи гуруҳ тузилиб, чиқинди сувлари ташланган зовурлар катта маблағ ҳисобига тўлиқ тозаланиб, ушбу зовур тупроқ билан кўмиб ташланган. Ҳозирда мазкур жойлар ободонлаштирилиб, ҳаттоки футбол майдончалари ташкил этилган, дейилади хабарда.

Qarshi Leather қўшма корхонасига 2016 йилда Хитой ва Исроилнинг 6 млн долларлик инвестицияси билан асос солинган. Завод йирик шоҳли қорамол терисини қайта ишлаш билан шуғулланади.