Бош прокуратура Қаршидаги Qarshi Leather чарм корхонасини олдида фуқаро ўзини устига ёқилғи сепиб, ёқиб юборишга уринган ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди. Шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказишни бошлади.

Сешанба куни ижтимоий тармоқларда корхонадан чиқаётган бадбўй хиддан норози бўлган эркаклар ва аёллар ўз муносабатини Ўзбекистон президентига етказиш мақсадида завод дарвозаси олдида йиғилгани акс этган видео тарқалди.

Ёши каттароқ аёлнинг сўзларига кўра, унинг икки келинининг ҳомиласи тушиб қолган. «Нима қилай? Буни (заводни — таҳр.) йўқотиш керакми ёки халқ эзилиши керакми?», — дея савол билан юзланди аёл.

Ёшроқ аёл эса овқат ейишга қийналаётгани, таомлангач, уни барибир қусиб ташлаётганини таъкидлади. «Бу ерда нафас олиб бўлмайди», — деди у.

«Кечалари билан ётиб бўлмаяпти. Болаларни ҳар ҳафта докторга олиб бориб, миллион-миллион пул сарфлаяпмиз. Бизга бу харажатларни ким қоплаб беради?», — деб сўради эркак.

«Бизни раҳбарлар, ҳокимият, ҳеч ким умуман қарагани ҳам йўқ, тинглагани ҳам йўқ», — дея қўшимча қилди у.

Ёшроқ аёллардан бири боласи тушиб қолгани, беш ойлик фарзандини тупроққа қўйиб келганини айтди. «Ундай қилишмасин, (заводни — таҳр.) ёпиб ташласин. Бу (аҳоли ҳудудида тери заводининг бўлиши — таҳр.) мумкин эмас», — деди у.

Ногиронлик аравачасидаги эркак турмуш ўртоғининг хотираси пасайиб кетганини таъкидлади. «Яшаб бўлмаяпти», — деди у.

Аҳолининг мурожаатини ёзиб олаётган эркак шундай деди: «Қарши шаҳарга қараймиз. Шаҳарда бундай сассиқ завод қуришга ким ҳуқуқ берган? Юқоридагилар, манфаатдорлар, илтимос сизлардан, шу заводни ёпишда бизга кўмак беришингизни сўраймиз. Шу сассиқнинг дастидан аям жигар церрози бўлган».

Бунга қадар видео ёзиб олган эркак ҳам ўз фикрини билдиришга ҳаракат қилди: «Мана бу ерларни парвариш қилдик. Бу ерни ҳам, орқадагини ҳам олиб қўйди. Соғлиқни ҳам олиб қўйди. Нима қилайлик? Менинг ўзим бир ҳайдовчиман, таксичиман. Ишлаган пулимнинг ярми овқатга кетса, ярми дорига кетади».

«Ўша куни келганимизда заводнинг эгаси Акмал менга: „Сени ўлдираман, икки кунда сени қаматаман…“, деб айтди. Нимага бундай қилади? Нимага мени ўлимга ҳайдайди? Шу Акмални деб мени яшагим келмаяпти, умуман яшагим келмаяпти, ёрдам беринглар менга», — деб бақирди ва чўнтагидан ёқилғи солинган идишни чиқариб, устига сепиб, ёқиб юборди.

Унинг кийими тезда ёниб кетди. Ён-атрофдаги аёллар бақира бошлади, одамлар эркакнинг олдига келиб, оловни ўчиришга уринишди. Шундан сўнг, эркак яна ўз норозилигини билдиришда давом этди, тасвирлардан унинг танасида куйган жойларни кўриш мумкин.

«Акмал, сенга шу керак эдими? Яшамайман мен, сен мени ўлдиряпсан, бола-чақамни ўлдиряпсан… Қаматгандан кўра ўзим ўламан мен», — деди эркак.

Маълумот учун Qarshi Leather қўшма корхонаси 2016 йилда Хитой ва Исроил сармоялари ҳисобига ташкил этилган. Корхона қорамол терисини қайта ишлаш билан шуғулланади.

Ўтган йилнинг сентябр ойида компания Шайхали қишлоғи ва яқин атрофдаги маҳаллаларда ҳаво, тупроқ ва сувни бузадиган чиқиндилар туфайли 345 million сўмдан ортиқ жарима тўлашга ва ишлаб чиқаришни тўхтатиш мажбурияти юклатилгани ҳақида хабар берилганди. Воқеа жойига экологлар, Қарши шаҳар ҳокими, депутатлар ва бошқа масъул шахслар боришганди. Шу билан бирга, бундан олдин ҳам компания ишлаб чиқариш чиқиндиларини ташлаш учун замонавий технологияларни ўрнатиш зарурлиги тўғрисида бир неча бор огоҳлантирилгани айтилганди.