Наманган вилоятининг Норин туманида бир оила тарвуз билан заҳарлангани иддао қилиниб, унинг икки аъзоси нобуд бўлди. Бу ҳақдаги хабарни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Маълум бўлишича, 11 август куни эрталаб 68 ёшли Ж.Х. ва унинг турмуш ўртоғи М.Э. ўзининг яшаш хонадонида вафот этган. Уларнинг қизлари Г. Х. ва Р.Х., қолаверса, набиралари С.Р. (ўғил бола) ва У.Р. (қиз бола) таомдан заҳарланиш ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Уларнинг барчаси 9 август куни биргаликда 7 август куни туман деҳқон бозорида сотиб олинган ва музлатгичда 2 кун сақланган тарвузни уй овқати билан истеъмол қилишган.

Норин туманлараро СТЭБнинг 11 августдаги 71- ва 72-сонли дастлабки маълумотига кўра, марҳум Ж.Х. ва М.Э.ларнинг ўлимига — номаълум овқат махсулотидан захарланиши, ички аъзолар шок ҳолати, қонни суюқ ҳолда бўлиши, сурункали юрак ишемик касаллиги, ўткир мия ўпка шиши, ўткир юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Ер-хотиннинг ўлими ва қариндошларининг заҳарланиши сабабларини ўрганиш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланди.

Ҳозирда, мазкур ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.