АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистондаги ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларни мамлакатнинг рақамли иқтисодиётига жалб қилишга қаратилган ташаббус ишга туширилди, дея хабар қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Дастурда Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиб, улар электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) ва реклама бўйича машғулотларда қатнашади. Битирувчилар дастур якунида ишга жойлашиш ва ўз стартап бизнесини бошлаш имкониятига эга бўладилар.

Электрон тижорат ва рақамли касблар академияси томонидан ишлаб чиқилган 45 кунлик масофавий таълим курсининг якунида иккита синов ҳудудидан 200 нафар ижтимоий заиф хотин-қиз ва Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар Миллий ассоциациясидан 40 нафар аёл электрон тижоратда ишбилармонлар ва кўникмага эга бўлган ишчилар сифатида қатнаша олади.

Иштирокчилар кейинчалик ўз онлайн дўконларини ишга тушириб, маҳсулотларни глобал ва маҳаллий платформалар орқали сотиш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси кўмагида «Шарқ аёли» халқаро хотин-қизлар жамоат фонди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган инвестициялар гендер тенглигини таъминлаш, камбағалликка барҳам бериш ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хизмат қилади. Бундай дастур рақамлаштиришдаги гендер тафовутини йўқотишга хизмат қилиб, аёлларга иш топишда ёрдамлашади ҳамда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди», — дейди USAID миссияси директори вазифасини вақтинча бажарувчиси Луанн Гронховд.

Ўзбекистон электрон тижорат тармоғи шиддат билан ўсиб, 2020 йилда олинган даромад салкам 500 млн АҚШ долларига етди. Мамлакатда 27 млн интернет фойдаланувчиси борлиги ва яқин бир неча йил давомида рақамли инфратузилмага 2,5 млрд доллар миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қабул қилиниши — мазкур тармоқнинг янада ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратмоқда.

«Шу билан бирга, интернет тармоғи аҳолининг ижтимоий жиҳатдан энг заиф қатламлари, шу жумладан аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад олишнинг кенг кўламли имкониятларини яратиши мумкин. Аммо электрон тижорат билан шуғулланиш ёки ўз бизнесини йўлга қўйиш учун аёлларга, кўпинча, тегишли малака ва маблағ етишмайди», — дея қайд этилди хабарда.

Ушбу дастур USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йилнинг май ойида USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 млн доллар ажратилганини эълон қилган эди.