Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қозоғистоннинг сентябр ойидан Россияни четлаб ўтиб, йилига 1,5 млн тонна нефт ташиш нияти ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги раҳбари жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Мен ҳам бу хабарни ўқидим. Аслида, мен нефтни ташиш бўйича ҳеч қандай шартнома имзолаймиз, деб ўйламайман. Бундай масалалар, эҳтимол, техник жиҳатдан миллий компаниялар даражасида кўриб чиқилади, муҳокама қилинади, чунки вазифа шундай. Лекин биз ҳали сентябрь ойида нефть жўнатиш бўйича шартнома имзолаш ҳақида гапирмаяпмиз. 1,5 млн тонналик кўрсаткичга келсак, бундай ҳажм экспорт йўналиши билан боғлиқ муаммомизни ҳал қилади, деб ўйлаш жуда кулгили», — деди Болат Акчулаков.

Унинг сўзларига кўра, КҚК (Каспий қувурлари консорсиуми) қувури фаолияти тўхтатилган вақтда Қозоғистон Тенгиз-Батуми темир йўли орқали нефтни ташиган.

Шу билан бирга, вазир компаниялар Энергетика вазирлигидан мустақил равишда ўз акциядорлари даражасида шартномалар имзолаши мумкинлигини тасдиқлади, лекин ер, қарз олиш, қувурларни қуриш майдони ва бошқа масалаларни келишиб олишлари зарур.

Болат Акчулаковнинг таъкидлашича, КҚК масаласини сиёсийлаштиришга ҳожат йўқ, чунки у ерда юзага келган муаммолар техник хусусиятга эга. Бугунги куннинг асосий вазифаси КҚК ҳажмларини сақлаб қолишдир, деди у.

«Албатта, биз муқобил йўллар ҳақида ўйлашимиз керак, чунки 2024 йилдан кейин ҳозирги 85 млн тоннамиздан 100 млн тоннадан кўпроқ ишлаб чиқариш кутилмоқда. Агар биз ҳозир Қашағон [кони] учун Фаза-2 бўйича келишиб олсак, яна 15 млн тонна нефт пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун биз ушбу ҳажмларни қандай тақсимлаш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳозирча бизда кўп имкониятлар йўқ. Хитой орқали ва Каспий денгизи орқали йўналиш бор. Туркманистон ва Эрон орқали потенциал йўллар мавжуд. Аммо ҳозирча Эрон орқали ўтиш реал эмас, чунки бу давлат санкциялар остида», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Кейинчалик у КҚКга тўлиқ муқобил йўқлигини қўшимча қилди.

Reuters агентлиги аввалроқ Қозоғистоннинг «КазМунайГаз» давлат нефть компанияси Озарбайжоннинг SOCAR давлат компанияси билан озарбайжон нефть қувурлари орқали Туркиянинг Ўрта ер денгизи бўйидаги Жайҳан портига йилига 1,5 млн тонна нефть етказиб бериш бўйича дастлабки музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берган эди.

Якуний шартнома август ойи охирида имзоланиши, бир ойдан кейин эса Боку-Тбилиси-Жайҳан (БТC) нефть қувури орқали оқим бошланиши айтилганди.

Июль ойида Россия суди атроф-муҳитни бузганлик учун КҚКни ёпиш билан таҳдид қилди, натижада Қозоғистон ҳукумати ва йирик хорижий ишлаб чиқарувчиларни эҳтиёт чораси сифатида бошқа компаниялар билан шартнома тузишга киришди.

Шундан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев «КазМунайГаз»га нефть экспорти учун Транскаспий йўналишидан фойдаланишни, жумладан, Тенгиз лойиҳаси инвесторларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқишни топширди.