Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви 20 август куни эмас, балки 22 августда бўлиб ўтади. Бу ҳақда душанба кунги брифингда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Бу шу тартибдаги иккинчи учрашув бўлади. Илк учрашув ўтган йилнинг 20 августида ўтказилганди. Шундан сўнг, 20 август Тадбиркорлар куни этиб белгиланди. Президент ҳар йили шу тартибда учрашувлар ўтказишини эълон қилди.

Мулоқот чоғида тадбиркорлик соҳасидаги муаммолар ва вазифалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Июль охирига қадар тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, учрашувга тадбиркорлардан республика штабига қарийб 8,5 мингта мурожаат келиб тушган. Уларнинг 72 фоизи аллақачон ҳал этилган.

Ўтган йили мулоқотга тайёргарлик жараёнида 15 мингдан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушганди. Улар етти йўналишда тизимлаштирилди, шундан сўнг аниқланган муаммолар юзасидан бир қатор президент қарорлари қабул қилинди.