Йирик ҳажмдаги ўғриликни содир этгани учун ички ишлар органлари қидираётган Ўзбекистон фуқароси АҚШда қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.

Унга Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми (жуда кўп миқдорда) билан айблов қўйилган. Бироқ, хабарда айнан қанча миқдордаги маблағлар ўғриланганига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон Интерпол ММБ ходимлари ва АҚШнинг ваколатли органлари билан олиб борилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ва ахборот алмашинуви натижасида Америка қидирувдаги шахсни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жиноятчи АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ходимлари ҳамкорлигида Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга олиб келинди ва Ўзбекистон Интерпол ходимларига топширилди.

Аввалроқ, Интерпол бюроси Қирғизистонда расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва контрабандага шериклик айблови билан қидирувда бўлган шахсни Ўзбекистонда ушлаганди.