«Мароқанд нефть базаси»нинг икки филиалида жиддий молиявий қонунбузарликлар аниқланди, дея хабар берди «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати.

Компания маълумотларига кўра, Булунғур филиалида жами 22,1 млрд сўмлик 2 612,9 тонна нефть маҳсулотлари камомадига йўл қўйилгани ва катта миқдорда талон-торож қилингани аниқланди. Жумладан:

  • 2 382,1 тонна Аи-80 автобензинидан 18,3 млрд сўмлик;
  • 44,1 тонна ЭКО маркали дизель ёқилғисидан 705,8 млн сўмлик;
  • 111,6 тонна ТДЛ-05 маркали дизель ёнилғисидан 1,7 млрд сўмлик;
  • 75,1 тонна ТД-К5 евро маркали дизель ёқилғисидан 1,3 млрд сўмлик.

Жомбой филиалида эса жами 4441,2 тонна 51,6 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари камомади аниқланди. Жумладан:

  • 2341,7 тонна Аи-80 автобензини 18,0 млрд сўмлик;
  • 4,6 тонна ЕВРО К-5 дизель ёнилғиси 81,7 млн сўмлик;
  • 92,3 тонна дизель ёнилғиси 1,5 млрд сўмлик;
  • 2002,5 тонна ЭКО дизель ёнилғиси 32,0 млрд сўмлик.

Шундай қилиб, «Мароқанд нефть базаси»нинг икки филиалида жами 73,7 млрд сўмлик 7054,1 тонна нефть маҳсулотлари камомади аниқланган.

Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Давлат хавфсизлик хизматига тақдим этилди, дейилади хабарда.

Аниқланишича, 7 та вертикал пўлат сиғимларга (РВС) қасддан техник ўзгартириш киритиш ва қўлбола усулда сиғим ичига темир қувур жойлаштириш натижасида 21,4 млрд сўмлик 2 573,5 тонна нефть маҳсулотлари камомадига йўл қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида ҳам «Мароқанд нефть базаси»да нефт маҳсулотларини ўғирлаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг, 11 нафар ходим ишдан бўшатилган.