Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидa чемпион бўлган Ўзбекистон жамоаси 11 август куни Тошкентга қайтиб келди. Улар Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, маросимда бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, шахматчиларга президент табригини етказди ва уларга мукофотларини топширди.


Хусусан, олимпиада ғолиби бўлган эркаклар жамоаси вакиллари — Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидовларга 600 млн сўмдан пул мукофоти берилди. Қолаверса, ғолибларнинг ҳар бирига Equinox автомобили президент совғаси сифатида тақдим этилди.


Шахматчилар ўз таассуротлари билан бўлишганда, 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов ҳал қилувчи турдаги баҳсдан кўра, президент билан суҳбатда кўпроқ ҳаяжонланганини таъкидлади.

«Ҳал қилувчи ўйиндан кўра президентимиз билан суҳбатлашганда кўпроқ ҳаяжонландим. Шахсан ўзлари қўнғироқ қилганларидан бошимиз кўкка етди. Бу — шахматга берилаётган эътибордан дарак», — дея таъкидлаган у.


Эслатиб ўтамиз, бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг финал баҳсида Ўзбекистон жамоаси Нидерландия терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнир чемпиони бўлди. Аёллар термаси эса 162 жамоа орасида 31-ўринни эгаллади. Президент Шавкат Мирзиёев шахматчиларни телефон орқали табриклаб, «тарихда жуда катта из қолдирганликларини» таъкидлади.