Июль ойи бошидан тармоқларда баъзи метро бекатлари киришларида яна ички ишлар органлари ходимлари пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар эълон қилина бошлади.

Кўп йиллар давомида қайси мавсум бўлишидан қатъи назар, метрода йўловчилар, ҳатто шунчаки ер ости ўтиш жойига тушганлар ҳам тақиқланган нарсалар бор-йўқлиги учун текширилган. 2018 йилнинг кузида бу амалиётдан воз кечилди. Шу билан бирга, турникетлар олдидаги станциялар ичидаги текширув сақланиб қолди. Ўшанда юқори ва қуйи текширувларнинг такрорланишига барҳам бериш мақсадида метрога ташқи кириш жойларидаги ички ишлар ходимлари босқичма-босқич техник ҳимоя воситаларига (кузатув камералари, радиоалоқа ва сигнализация) алмаштирилиши маълум қилинган эди.

Ички ишлар вазирлиги Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси (МХТБ) бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Ҳасанов «Газета.uz» билан суҳбатда ходимларнинг қайтиш сабаблари ҳақида гапирди. У бунинг байрам олдидан «усиление» ва Нукусда содир бўлган воқеалар билан боғлиқлигини инкор этди

«Буюк Ипак йўли» метро бекатига кириш. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, авваллари бошқарма Тошкент шаҳар ИИБ таркибига кирган. Ходимлар Давлат хавфсизлик хизмати, Қўриқлаш бошқармаси ва Патруль-пост хизмати тузилмалари билан биргаликда навбатчилик қилишган, чунки бошқарманинг шахсий таркиби метронинг барча нуқталарини тўлиқ қамраб олиш учун етарли бўлмаган.

Хавфсизлик бўлими ва ЙҲХБ ходимлари томонидан ўғрилик, талончилик, безорилик ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида метро ўтиш жойлари ва ташқи кириш жойларида навбатчилик ташкил этилди. Шунингдек, улар автомобиль ҳайдовчиларининг метро киришларида машиналарини қолдирмасликларини ҳам назорат қилишди.

2019 йилда Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Ички ишлар вазирлигига, Қўриқлаш бошқармаси эса Миллий гвардияга ўтказилди, натижада шахсий таркиб ва штатлар қисқарди. Бундан ташқари, 14 та янги метро бекати фойдаланишга топширилди.

«Шу сабабларга кўра, Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси вақтинчалик ходимларнинг ташқи кириш жойларидаги навбатчиликларини таъминлай олмади… Шу кунгача бўлимимизга президентнинг янги қарори билан шарт-шароит яратилди, қўшимча штатлар ажратилди. Шундан сўнг биз метрога кираверишдаги постларни тиклай бошладик», — деди Анвар Ҳасанов.

Унинг сўзларига кўра, июль ойида 8−9 станцияда биринчи ташқи постлар пайдо бўлган, бироқ ходимларнинг асосий қисми тегишли тайёргарликдан ўтиб, август ойининг бошидан ишга туширилган.

«Бундан асосий мақсад метро хизматларидан фойдаланаётган йўловчиларнинг манзилига эсон-омон етиб бориши, сафар давомида тўлиқ хавфсизлигини таъминлашдан иборат», — деди у.

«Буюк Ипак йўли» метро бекатига кириш. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Юқори ва пастдаги текширувлар давомида ИИО ходимлари барча йўловчиларни жисмонан текширишга улгурмаслиги мумкин, аммо профайлинг (шахснинг психологик портретини тузиш ва ниятларининг самимийлигини аниқлаш усуллари тўплами) туфайли шу кунларда бир қанча жиноятлар фош этилди, деди МХТБ бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Анвар Ҳасанов ситуацион-таҳлил марказини ташкил этиш, «ақлли» видеокузатув камераларини ўрнатиш, ходимларни планшетлар ва замонавий радиоалоқа воситалари билан таъминлаш режалари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимлар жорий этилгандан кейин ҳам ўтиш даврида ходимлар керак бўлади, чунки «ходимлар қила оладиган ишни камералар қила олмайди». Улар ўтиш жойларини қўриқлаши, турли жиноятлар, жумладан, чўнтаккесарликнинг олдини олиши кутилмоқда.

«Камера шунчаки кузатади. Турли ҳолатлар, масалан, жиноятчиларни ушлаб туриш, фуқароларга ёрдам кўрсатиш ёки одамлар ўртасида низо келиб чиқишининг олдини олиш каби ҳолатлар мавжуд», — деди у.