Метрога ташқи киришдаги назорат босқичма-босқич автоматлаштирилади, дея хабар қилди Тошкент метрополитени ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Олег Биченов «Газета.uz"га.

"Ҳозирда синов тариқасида ички ишлар органлари ходимлари ўрнига техник ҳимоя воситалари — кузатув камералари, радиоалоқа воситалари ва сигнализациядан фойдаланамиз", — деди у.

Айни пайтда «Ўзбекистон», «Миллий боғ» ва «Машинасозлар» станцияларида тест режимида техникалар ишламоқда.

«Техник воситалар ва алоқа воситалари етарлича бўлганида ташқи ва ички текширув такрорланмаслиги учун ташқи назорат тўлиқ техник ҳимоя воситаларига ўтказилади», — деди бошқарма бошлиғи.

Олег Биченовнинг сўзларига кўра, асосий назорат қуйи даражада олиб борилади ва вақт ўтган сари техник воситалар кучайтирилади.

Ички ишлар органлари ходимларининг техник воситаларга тўлиқ алмаштиришнинг аниқ муддатлари номаълум. Тошкент метрополитенида ички ишлар бошқармаси бошлиғининг таъкидлашича, мазкур жараён босқичма-босқич амалга оширилади.