2022 йил 5 август куни Uzauto Motors оддий акциялари «Тошкент» Республика фонд биржасининг котировкалаш варағига (биржа листингига) киритилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жамият акцияларининг фонд бозорида оммавий таклиф орқали (IPO) жойлаштирилишини амалга ошириш 2022 йил IV ёки 2023 йил I чорагида режалаштирилган.

Шу мақсадда, 2022 йил 15 апрель санасида жамият томонидан акцияларни фонд бозорида оммавий жойлаштиришни ташкиллаштирувчи андеррайтерларни танлаб олиш бўйича расмий тендер эълон қилинди. Тендер натижасига кўра, Freedom Finance МЧЖ инвестиция воситачиси бошчилигидаги андеррайтерлар консорциуми ғолиб деб топилди ва 2022 йил 7 июль санасида шартнома имзоланди.

Президентнинг 2022 йил 17 январдаги [ПҚ-90-сон] қарори билан Uzauto Motors акцияларини IPO`га жойлаштирилиши белгиланганди.

Маълумот ўрнида, IPO (Initial Public Offering), бу — компания акцияларининг бирламчи бозорга чиқарилишидир. Яъни, акциялар кенг оммага таклиф этилади.

Листинг — компаниялар акцияларини биржада сотиладиган акциялар рўйхатига киритиш. Акцияларнинг котировкалаш варағига киритилиши чиқарилган қимматли қоғозлар биржада эксперт текширувларидан муваффақиятли ўтганлигини ва уларни савдога қўйиш мумкинлигини англатади. Бу жараён акциялар тўлиқ муомалага киритилишидан олдин амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида Uzauto Motors АЖ томонидан 300 млн АҚШ доллари миқдоридаги 5 йиллик халқаро облигациялари 4,85 фоиз купон ставкаси билан Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирилган.