«Zamin» фондининг «Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена» лойиҳаси доирасида вилоятнинг Пешку ва Жондор туманларидаги яна бешта мактаб ва унга туташ ҳудудлар тоза ичимлик суви билан таъминланди, дея хабар берди фонд матбуот хизмати.

Лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» компанияси кўмагида амалга оширилди.


Пешку туманидаги 6-, 32-, 34-сонли ва Жондор туманидаги 20-, 21-сонли мактабларда қудуқлардан сув билан таъминлаш, сувни фильтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилди.

Шунингдек, ташқи ва ички сув таъминоти ва канализация муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилди.

Локал биологик тозалаш тизимлари яратилгани туфайли мактаблардаги оқова сувлар тупроқ ва ер ости сувлар учун хавфсиз бўлган суғориш суви даражасигача тозаланади, дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Zamin» фонди Ғиждувонда ҳам бешта мактабни ичимлик суви билан таъминлангани ҳақида ёзгандик.