«Замин» халқаро жамоат фонди «Ўзсувтаъминот» ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Бухорода «Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена» лойиҳасини якунлади. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа доирасида Ғиждувон туманидаги 2, 32, 33, 34, 42-сон мактабларда қудуқлар сув билан таъминланди. Шунингдек, сувни фильтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилгани маълум қилинди.

Ташқи ва ички сув таъминоти ва канализация муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилди. Шунингдек, оқова сувларни суғориш суви даражасигача биологик тозалашнинг локал тизимлари яратилди.


Қолаверса, мактаблар жойлашган аҳоли яшаш манзилларидаги хонадонлар ҳам хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга.