2022 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон Россияга нисбатан кўпроқ енгил автомобиль ишлаб чиқарди ва МДҲ автомобиль ишлаб чиқарувчилари орасида етакчиликни қўлга киритди. Бунга асосан Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар ўтказаётгани ҳамда бутловчи қисмларни етказишдаги узилишлар сабаб бўлди. Бу ҳақда «ПромРейтинг» мустақил тадқиқот агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, 9 та ҳамдўстликка аъзо мамлакатнинг бештасида ўзининг автомобиль саноати мавжуд. Рейтингни тузишда агентлик 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярмига оид маълумотларни ҳисобга олган.

Сўнгги ойларда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги вазият кескин ўзгаргани сабабли бу йилги статистика ўз ичида айрим кутилмаган ҳолатларни қамраб олган, деб огоҳлантиради тадқиқот муаллифлари.

МДҲ таркибига — Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон, Молдавия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 9 та давлат аҳолисининг умумий сони — 250 млн киши атрофида, яъни умумий иқтисодий макон билан умумлаштирилмаган улкан бозор. Санаб ўтилган мамлакатлардан фақат дастлабки бештаси ягона божхона ва иқтисодий макон шароитида иш олиб боради, боиси улар бошқа минтақавий интеграция ташкилоти — ЕОИИга аъзо ҳисобланади.

Ривожланган автомобиль саноати СССР давридан бошлаб Россия ва Беларусда тарихан шаклланган. Сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам йирик автосаноат корхоналари нолдан барпо этилди. Шунингдек, Беларусда енгил автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда Озарбайжонда кичик авто йиғиш корхоналари пайдо бўлди.


«Шу ўринда қайд этиш керакки, — таъкидланади тадқиқотда, — сўнгги йилларда Қозоғистоннинг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси бир вақтнинг ўзида бир нечта бизнесини ёпиб танг вазиятга тушиб қолди. Ҳозирда етакчилик мақоми АЗИА АВТОдан СарыаркаАвтоПромга ўтди. Вазиятни одатий деб бўлмайди. Биз бундай йирик можаролар ва бизнеснинг бўлинишидан анча чиқиб қолганмиз. Ҳар ҳолда тўқсонинчи йиллар эмас…», — дейилади таҳлилда.

Шунингдек, АВТОВАЗнинг Ижевск майдончасидаги «осилиб турган» ҳолатни ҳам айтиб ўтиш керак. Тадқиқот ўтказилиш вақтида медиа маконида Lada Vesta`нинг ишлаб чиқарилиши Ижевскдан Тольяттига кўчириш эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалди.

Бешта мамлакатда 2021 йил якунларига кўра енгил ва енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари нисбати қуйидагича:

  1. Россия — 1,4 млн авто;
  2. Ўзбекистон — 236 минг;
  3. Қозоғистон — 93 минг (юк машиналари ва автобуслар билан бирга);
  4. Беларус - 35 мингга яқин;
  5. Озарбайжон — 2 минг.

2021 йил якунларига кўра, МДҲда енгил ва енгил тижорат автомобиллари йирик ишлаб чиқарувчилари Топ-10 талиги қўйидагича кўринишга эга:

  1. АВТОВАЗ (Тольятти ва Ижевск, Россия) — 430 минг;
  2. UzAuto Motors (Асака ва Хоразм, Ўзбекистон) — 236 минг;
  3. Hyundai Motor Manufacturing Rus (Сестрорецк, Россия) — 234 минг;
  4. Автотор (Калининград, Россия) — 177 минг;
  5. Volkswagen Group Rus (Калуга, Россия) — 118 минг;
  6. ГАЗ (Нижний Новгород, Россия) — 117−127 минг авто: 65−75 минг ўз брендидаги енгил тижорат автомобили (аниқ маълумот йўқ) + 52 минг енгил VW ва Skoda автомобили;
  7. Renault Россия (Москва, Россия) — 88 минг;
  8. Toyota Motor Manufacturing Rus (Шушары, Россия) — 81 минг;
  9. СарыаркаАвтопром (Костанай, Қозоғистон) — 60 минг (юк автомобиллари ва автобуслар билан бирга);
  10. Nissan Motor Manufacturing Rus (Санкт-Петербург, Россия) — 45 минг.
«2022 йилнинг биринчи ярмида Евроосиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият маълум сабабларга кўра кескин ўзгарди. Украинадаги воқеалар туфайли Ғарб февраль охиридан буён Россияни санкциялар билан аёвсиз „бўғмоқда“. Европа ва Япония компанияларнинг аксарият қисми номаълум вақтга РФдаги фаолиятини тўхтатди. Хориждан бутловчи қисмларнинг тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида Россия компанияларига тегишли автозаводларда нормал автомобиль ишлаб чиқиш суръати издан чиқди», — дейилади агентлик хабарида.

Россия автосаноати етакчиси АВТОВАЗ — 2022 йилнинг январь-июнь ойларида автомобиль ишлаб чиқаришга оид маълумотларни ошкор қилмади, аммо мустақил экспертларнинг тахмин қилишича, кўрсатилган даврда компания ўзининг иккита автозаводида жами 80 мингдан кўп бўлмаган машинани йиғди. Бунга компонентларнинг етиб келишидаги узилишлар туфайли АВТОВАЗ қувватлари февралдан июлгача бўлган вақт оралиғида асосан ишсиз туриб қолиши сабаб бўлди.


Россиядаги Hyundai заводи март бошидан буён сиёсий сабабларга кўра ишлашдан тўхтаган, бироқ дастлабки икки ой якунларига кўра у 40 мингга яқин машинани сотувчга чиқариши мумкин эди.

2022 йил бошидан буён РФ ҳудудидаги бошқа автозаводларда машина ишлаб чиқариш натижаларига оид маълумотлар жуда кам.

Ишонч билан айтиш мумкинки, 2022 йил давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон автозаводлари ўз конвейерларида машина чиқаришни фаол ошириб боради, негаки улар айни пайда Россия ва Беларусдаги корхоналар азият чекаётган халқаро чекловлардан ҳоли, дейди таҳлилчилар.

Таъкидланишича, UzAuto Motors тўғри инвестиция сиёсатини олиб бормоқда. Компания ўз ишлаб чиқариш қувватларида GM GEM платформасидаги автомобилларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун 620 млн доллар сармоя киритди. 2022 йилнинг июлидан (бу инқирознинг айни авж палласи эканлигини ҳисобга олиш зарур) ўзбек компаниясининг Асака шаҳридаги қувватларида энг янги Chevrolet Tracker кроссоверининг оммавий ишлаб чиқарилишига старт берилди. 2023 йил бошида унга седан Chevrolet Onix қўшилади.

Таҳлилчиларнинг ишонч билан айтишича, МДҲдаги автомобиль ишлаб чиқариш географияси яқин йилларда сезиларли даражада ўзгармайди.