2022 йилнинг май-июнь ойларида Марказий банкнинг банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан тижорат банкларида хизматлар қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар берилади регулятор.

Текширувлар 15 та тижорат банкининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ҳамда республиканинг бир қатор вилоятларида жойлашган 74 та муассасасида бўлиб ўтди.

Регуляторнинг қайд этишича, назорат тадбирлари банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчиликларни аниқлашга ва уларни бартараф этиш чораларини кўришга қаратилган.

МБ хизмати ўрганишлари натижасида тижорат банклари муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қатор қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Жумладан, кредит ва омонат хизматлари ҳақида маълумотлар, шу билан бирга, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги, шунингдек, банк карталари эгаларига айрим молиявий операциялар ўтказишда имкон яратиб берилмаганлиги ҳолатлари кузатилган.

Аниқланган қоидабузарликлар бўйича «Ипотека-банк, «Агробанк», «Микрокредитбанк», «Халқ банки», «Туронбанк», «Трастбанк», «Капиталбанк», «Миллий банк», «Ҳамкорбанк», «Асака банк», «Универсалбанк», «Даврбанк» ва «Ипак йўли» банкига банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланилди, дейилади хабарда.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати истеъмолчилар банк хизматлари тўғрисидаги ахборотларни олишлари ва хизматдан фойдаланиш бўйича оқилона қарор қабул қилишлари учун тижорат банкларини масъулиятли кредитлаш тамойилларига мувофиқ банк хизматларини тўлиқ ошкор қилишга ва уларнинг шартларини батафсил тушунтиришга чақиради.