6 август куни эрталаб соат 8:30 атрофида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасида Tesla Model X (1977 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарган) ва Cobalt (1990 й.т. ҳайдовчи бошқарувидаги) автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Машиналар олд қисмлари билан тўқнашиб кетган ва улар шикастланган. Ҳодиса натижасида Tesla йўл четига чиқиб кетган ва чап ғилдираклари билан ариқга қулаган. Қолаверса, электромобилдаги хавфсизлик ёстиқчалари ўз вақтида ишлаган.

Бахтсиз ҳодиса тафсилотлари очиқланмади. Суратларга кўра, тўқнашув Cobalt бурилаётган вақтда содир бўлган бўлиши мумкин. ЙҲХБ маълумотларига кўра, ЙТҲ оқибатида жабрланганлар йўқ.

Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИБ ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.