Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 4 август куни Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонасига «ғаразли мақсадда уюштирилган ҳужумни қатъий қоралайди». Бу ҳақда ТИВ баёнотида айтилган.

«Дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ҳодисани ҳар томонлама текшириш ва барча алоқадорларни жавобгарликка тортишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекистон томони қардош Озарбайжонни хориждаги фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашда қўллаб-қувватлашини билдиради», — дея қўшимча қилинади ТИВ хабарида.

Озарбайжон ТИВ маълумотларига кўра, ҳужум радикал диний гуруҳ томонидан амалга оширилган. Гуруҳ аъзолари элчихона биносига кириб, бузғунчиликни амалга ошириб, Озарбайжон байроғини йиртиб ташлаган ва бинога арабча ёзувлар ёзиб қўйган. Бинонинг балконида туриб, улар диний байроқларни силкитиб, радикал диний шиорлар билан ҳайқиришган.

Британия матбуоти ҳужумчилар шиа мусулмонлари ташкилоти аъзолари бўлганини ёзмоқда. Лондон полицияси саккиз кишини ҳибсга олди.

Элчихона ходимлари жабрланмаган. Озарбайжон ТИВ Британия расмийлари эътиборини дипломатик ваколатхоналар ва дипломатлар ҳимоясини таъминлаш бўйича халқаро ҳуқуқ талабларига риоя қилиш зарурлигига қаратди.