Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан давлат олий ўқув юртларига абитуриентларнинг онлайн ҳужжат топшириш жараёнида чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи 56 та қалбаки миллий ва халқаро сертификатлар аниқланди. Бу ҳақда сешанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатнинг мавжудлиги абитуриентни имтиҳон топширишдан озод қилади ва унга шу фандан максималл балл беради.

Бу йил ҳаммаси бўлиб 29 мингдан ортиқ сертификат юкланган. Уларнинг текшируви натижасига кўра, 955 та сертификат талабларга жавоб бермайди — уларнинг аксарияти чет тили сертификати эмас, 56 та сертификат эса сохта бўлиб чиқди. Уларнинг: 44 таси — IELTS, 9 таси — миллий, иккитаси — HSK, биттаси — TOEFL iBT сертификатидир. Мазкур маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Тасдиқланган сертификатлар сони 28116 тани ташкил этди, бу 2021 йилга (10648) нисбатан 17468 та ёки 2,6 баробар кўпдир. Маълумот учун, бу йил республика бўйича жами 84 та давлат ОТМ ҳамда уларнинг ҳудудлардаги 30 та филиал ва факультетларига кириш учун 1 млн 146 минг 744 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.