Давлат солиқ қўмитаси 2022 йилнинг январь-июнь ойларида иш ҳақи ҳисобланган ходимларнинг ўртача маоши ҳақида маълумот берди. Унга кўра, январь ойидан бери 5 млн 372,2 минг нафар фуқаронинг расман иш ҳақи ҳисобланади. Уларга жами 82 трлн 498,1 млрд сўм маош ҳисобланган.

Ишчилар сонига ҳисоблаганда ҳар бир ходимга ўртача ойлик иш ҳақи — 2 млн 776,4 минг сўмни ташкил қилмоқда. Вилоятлар кесимида олинганда ўртача энг кўп ойлик иш ҳақи Тошкент ва Навоий, энг кам ойлик эса Фарғона ва Сирдарё ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хусусан, вилоятларда ўртача ойлик иш ҳақи:

  • Тошкент шаҳрида — 4 млн 408,7 минг сўм;
  • Тошкент вилоятида — 2 млн 847,7 минг сўм;
  • Навоий вилоятида — 3 млн 779 минг сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 2 млн 445,6 минг сўм;
  • Андижон вилоятида — 2 млн 292,3 минг сўм;
  • Бухоро вилоятида — 2 млн 261,6 минг сўм;
  • Қашқадарё вилоятида — 2 млн 113,5 минг сўм;
  • Сурхондарё вилоятида — 2 млн 102,3 минг сўм;
  • Самарқанд вилоятида — 2 млн 096,4 минг сўм;
  • Жиззах вилоятида — 2 млн 089,5 минг сўм;
  • Хоразм вилоятида — 2 млн 083,1 минг сўм;
  • Наманган вилоятида — 2 млн 057,9 минг сўм;
  • Сирдарё вилоятида — 1 млн 985,6 минг сўм;
  • Фарғона вилоятида — 1 млн 969,9 минг сўмга тенг.

Аввалроқ, Статистика қўмитаси 2022 йилнинг январь-июнь ойларида (қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда кичик тадбиркорларсиз) юридик шахсларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 3,5 млн сўмни ташкил этганини маълум қилганди. Бу ўтган йилнинг мос даврига (2,9 млн сўм) нисбатан 119,3 фоизга ошгани айтилганди.