15−16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича уч томонлама ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Ҳозир томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш устида фаол ишламоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов 2 август куни «Ўзбекистон — Озарбайжон — Туркия» мулоқот форматининг биринчи йиғилишида маълум қилди.

«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўл коридорини Транс-Кавказ йўлаги билан боғлаш мамлакатларимиз ўртасида ягона транспорт тармоғини яратади ва Хитойдан Европага савдо географиясини кенгайтиради, деб ҳисоблаймиз, — деди Владимир Норов. — Шунинг учун Ўзбекистон Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлайдиган Зангезур коридорини тиклашдан манфаатдор".

Зангезур йўлаги — Арманистоннинг Сюник вилояти ҳудудидан ўтувчи 40 км узунликдаги транспорт коридори лойиҳаси бўлиб, режага кўра, Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ва унинг Нахчиван анклавини боғлаши керак. Арманистон бу лойиҳага рози эмас.

Владимир Норов ҳам ўз нутқида Ўзбекистон учун Боку — Тбилиси — Карс темир йўлининг транзит салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

ТИВ раҳбари в. б. тадбир якунлари бўйича баёнотида уч давлат делегациялари ушбу темир йўлнинг барча имкониятларидан, шу жумладан Туркия ва Озарбайжоннинг халқаро портларидан, шунингдек, «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» халқаро транспорт йўлакларидан кенг фойдаланиш режалаштирилганини қайд этиб ўтди.

«Ўз минтақаларида ўтказиш нуқталари бўлиб келган Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия фақат „транзит пунктлари“ функцияси билан чекланиб қолмасдан, мавжуд транспорт йўналишлари бўйлаб ишлаб чиқариш, логистика ва савдо пунктларини ташкил этиш орқали иқтисодий йўлакларни шакллантиришлари керак», — деди Владимир Норов.