Хоразм ва Андижон вилоятларида фуқароларни ноқонуний йўл билан ишга киритиб қўйишда гумонланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган тадбирда «Ю.» АЖ инспектори М. П. фуқаро О.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Бунинг эвазига фуқародан 500 доллар талаб қилиб, сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби вазият Андижон вилоятида ҳам кузатилган. Балиқчи туманидаги ҳолатда фуқаро Д. Х. фуқаро А.нинг ишончига кириб, уни «И. И.» МЧЖга ишга киритиб қўйиш эвазига 9 млн сўм қўлга киритгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.