2022 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда 712 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробар кўпдир, дея хабар қилмоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

Йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида автомобил савдоси сезиларли даражада ошди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманганда 3 баробар (+45,4 минг), Андижонда 2,5 баробар (+32,2 минг), Бухорода 2,4 баробар (+24,7 минг), Сурхондарёда 2,4 баробар (+23,9 минг) ва Фарғонада 2,4 баробар (+45,7 минг) қайд этилди.

Фото: Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши.

Ўсишнинг (375 мингта) 17 фоизи республикадаги ишлаб чиқариш хажмларининг ўсиши (64,4 мингта), 1 фоизга яқини импортнинг ўсиши (2,6 мингта), ва қолган 82 фоизи иккиламчи бозор хажми ўсиши эвазига тўғри келади (308 мингта).

Бирламчи бозор

Ушбу давр мобайнида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари умумий сонининг 24% янги транспорт воситаларидир. Бирламчи бозорда харид қилинган автомобиллар сони (маҳаллий ишлаб чиқариш — 160,3 минг, хорижий — 9,8 минг) 170 минг донани ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига (103 минг) нисбатан 1,6 баробарга (+67 минг) ўсди.

Жумладан, ҳудудлар кесимида энг кўп ўсиш Тошкент шаҳрида — 1,7 баробар (+18 минг), Фарғона — 1,8 баробар (+6 минг), Самарқанд — 1,6 баробар (+5,6 минг), Хоразм — 1,8 баробар (+5,6 минг), Андижон — 1,7 баробар (+4,9 минг) ва Бухоро — 1,7 баробар (+4,8 минг) вилоятларида кузатилди.

Иккиламчи бозор

2021 йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда ўртача 224 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, жорий йил бошидан буён ушбу кўрсаткич 542 минг донани (ўсиш 308 минг) ташкил этди.

Автомобиллар савдосининг бундай кескин ўсиши 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғимнинг, шунингдек, олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божи тўлиқ бекор қилиниши билан боғлиқ.

Фото: Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021−2022)

Хорижий автомобиллар савдоси

Жорий йилнинг 1-ярмида янги чет элда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 9,8 мингтани ташкил қилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ошган.

Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг 51 фоизга яқини Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич мос равишда Тошкент — 9%, Қашқадарё — 7%, Самарқанд — 6%, Бухоро — 5%, Навоий — 5%, Хоразм — 4% ва Андижон — 3% вилоятларида қайд этилди.

Фото: Янги маҳаллий енгил автомобиллар ва хорижий автомобиллар савдоси