Қашқадарёда «Агробанк» Қарши шаҳар филиали раҳбари тириклиги тўғрисида маълумот сўраганидан норози бўлган фуқаронинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳолатга банк матбуот хизмати расмий муносабат билдириб, ҳолат ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, фуқаро А. Ж. кредит олиш мақсадида банкнинг Қарши шаҳар филиалига 2021 йилда мурожаат қилган. Ушбу мурожаатга асосан банкнинг кредит маълумотлар базаси орқали фуқарога доир маълумотлар текширилганда, унинг вафот этгани қайд этилгани аниқланган.

«Бунга ушбу фуқаронинг узоқ йиллар давомида ўзи ҳақида бирор-бир хабар бермасдан Россия Федерациясига кетиб қолгани, турмуш ўртоғи эса ўрталаридаги мол-мулкни сотиш мақсадида А. Ж.ни вафот этгани хақида нотўғри маълумот тарқатгани ва давлат нотариал идораси томонидан ушбу маълумот тасдиқлангани сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, шунинг учун банк масъули унинг тириклигини (ФҲДЁ идораларидан унинг номига ўлгани ҳақида гувоҳнома берилмагани ва яшаш манзили МФЙ ва ИИБ паспорт бўлинмасидан ушбу фуқаро айнан А. Ж. экани) тасдиқловчи маълумотларни сўраган. Банк ҳуқуқий жиҳатдан масъулнинг ҳаракатлари тўғри бўлганини таъкидламоқда.

Фуқаролик кодекси талабларига кўра, у юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тартиби асосида ўзининг тириклиги фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозим ва суд томонидан ушбу ариза қаноатлантирилгач, А. Ж.нинг барча мулкий ҳуқуқлари қайта тикланади ҳамда унинг кредит олиш масаласи ижобий ҳал қилинади. Бу ҳақда фуқаро А.Ж.га бир неча маротаба оғзаки тушунтириш берилган, дейилади расмий муносабатда.


Бироқ, кейинроқ банк матбуот хизмати муносабат ёзилган постни таҳрирлади ва қуйидагича изоҳ қолдирди: «Мазкур фуқаро томонидан 2022 йилнинг шу даврига қадар кредит олиш бўйича мурожаат қилмаган. Фуқаро томонидан белгиланган қонуний ҳужжатлар банкка тўлиқ тақдим этилганидан кейин кредит ажратиш масаласи кўриб чиқишини маълум қиламиз».

Орадан бироз вақт ўтиб, Агробанк матбуот хизмати хабарни яна таҳрирлаб, банкнинг масъул ходимлари ушбу фуқаро билан суҳбатлашгани, унда «фуқаро А.Ж 2022 йил давомида кредит олиш бўйича банкка мурожаат қилмаганлиги ҳамда кредитга эҳтиёжи йўқлигини маълум қилганини» қайд этди.

Қолаверса, банк ОАВлар ходимларидан банкка тегишли маълумотларни тўлиқ ўрганмасдан асосланмаган, текширилмаган материалларни тарқатмасликни, бу ҳолатлар қонунчиликда кўрсатилган тегишли жавобгарликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида 1998 йилда «ўлган» деб қайд этилган фуқаро А. Ж. нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш, уларга туҳмат қилганликда айбланиб, суд қилинганди.

Ўшанда маълум бўлишича, 1965 йил Қарши шаҳрида туғилган А. Ж. шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкасининг қўшимча маълумотлар бандида 1998 йил 23 июнь куни вафот этган дея ёзилган. Бу маълумот бўлимга 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган. Фуқаронинг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида кейинчалик у боридан айрилган.

«Турмуш ўртоғим Ш. Ш.га берилган ишончнома сохта, ундаги имзо менга тегишли эмас. Менинг имзоимни сохталаштиришдан мақсад уйимни сотиб юбориш бўлган. Ва бунга эришишган», — деганди у.