Сентябрь ойидан умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳалари фаолиятини тартибга солиш талаблари соддалаштирилиши кутилмоқда. Тегишли чора-тадбирлар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш президентнинг 27 июлдаги фармонида қайд этилган.

Адлия вазирлигига Давлат солиқ қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда 1 сентябрга қадар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилмоқда. Ҳужжатда умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларидаги фаолиятни тартибга солувчи талабларни соддалаштириш ҳамда ушбу соҳалардаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб берилади.

Бундан ташқари, ҳужжат билан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда рухсатномага эга ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳамда ер қаъри давлат фонди кадастрига киритилган ер участкаларининг рўйхатларини шакллантириши белгиланмоқда.

Бунда, шакллантирилган рўйхатларга асосан:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли ер участкаларини Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади;
  • Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тегишли ер участкалари ажратилгандан сўнг бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларига ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари учун зарур бўлган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида тақдим этади.

Аввалроқ, мазкур фармони билан «Business.gov.uz» портали «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига айлантирилгани ҳақида ёзгандик. У орқали тадбиркорларнинг мурожаати 24 соат давомида қабул қилинади, онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказилади, якуни бўйича эса бизнес-омбудсман президент ва ҳукуматга таклифлар киритади.

Қолаверса, бизнес-омбудсман тадбиркорларни текшириш жараёни қонунийлиги ва ҳужжатлар ижроси юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимиятларда ҳам текширувлар ўтказиши ҳақида ҳам ёзгандик. Қолаверса, ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, тадбиркорлар муаммоларини жойида ҳал қилиш чоралари кўрилади.