Президент 27 июль куни «Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

«Business.gov.uz» ягона интерактив порталини қуйидаги имкониятларга эга бўлган «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига айлантирилди. Мазкур таклиф бизнес-омбудсман офиси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан билдирилди.

Портал қуйидаги имкониятларга эга бўлади:

  • тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш;
  • қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш;
  • тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш.

2022 йил 1 августдан порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:

  • тадбиркорлик субъектлари;
  • Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги «Саll-марказ» хизмати;
  • Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлардан сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида;
  • маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари. Бунда, ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини маҳалланинг ўзида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради, маҳалла даражасида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатларни порталга киритади;

Порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан (мурожаатда ваколатли орган кўрсатилмаганда) тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади.

Ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:

  • порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди;
  • Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳамда ССП билан биргаликда мурожаатлар таҳлили асосида ҳудудлар ва соҳалар кесимида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда таклифлар киритиб боради.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бошқарув ходимларининг чекланган сони 101 та штат бирлиги миқдорида белгиланди ва уларнинг қўшимча 15 та штат бирлиги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар портал мазкур фармон талабларига мувофиқ такомиллаштирилиши ва «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро платформасига интеграция қилинишини, шунингдек, порталнинг Mobile-ID тизими орқали идентификациялаш имкониятига эга мобиль версияси яратилишини таъминлайди.

Молия вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2022 йил 1 сентябрга қадар 2022 йил учун Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази маблағларини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни мақбуллаштириш ҳисобига портални такомиллаштириш, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги «Саll-марказ» хизматини молиялаштириш, шунингдек, мазкур Фармонда назарда тутилган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Бунда, 2023 йилдан бошлаб порталдан фойдаланиш ва Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги «Саll-марказ» хизмати фаолияти Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.