Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида ўрганишлар ўтказади. Бу президентнинг 27 июлдаги фармонида қайд этилган.

Ўрганишлар Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда, ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқланадиган режа-графиклар асосида амалга оширилади.

Бунда асосий эътибор тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги ва тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолатига қаратилади. Бизнес-омбудсман ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказади ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган масалаларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради.

Бундан ташқари, вакил ваколатли органлар учун ҳудудларга чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда текширувлар ўтказиш тартиби бўйича ўқув машғулотларини ташкил этади.

Бизнес-омбудсман ҳар йили 1 мартга қадар Ўзбекистон президентига давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолатига доир йиллик ҳисобот тақдим этади.

Аввалроқ мазкур фармони билан «Business.gov.uz» портали «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига айлантирилгани ҳақида ёзгандик. У орқали тадбиркорларнинг мурожаати 24 соат давомида қабул қилинади, онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказилади, якуни бўйича эса бизнес-омбудсман президент ва ҳукуматга таклифлар киритади.