2022 йилнинг дастлабки олти ойи давомида Республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz сайтида 174 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди, деб хабар берди биржа матбуот хизмати.

Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 10 фоизга, ҳажми бўйича — 27 фоизга ўсди. Ўтган даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Бунда энг арзон авторақам — 545,4 минг сўмга, энг қиммати эса 348 млн сўмга тенг бўлди.

Сотилган авторақамларнинг 93 фоизи жисмоний шахслар, 7 фоиз — юридик шахслар томонидан харид қилинган. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 29 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 22 фоизи — иккинчи, 13 фоизи — учинчи, 9 фоизи — тўртинчи, 12 фоизи — бешинчи ва 15 фоизи — олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45 фоиз), Самарқанд (8 фоиз), Бухоро, Фарғона ва Қашқадарё (6 фоиздан) вилоятларида харид қилинган.

Авторақамларнинг онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи — Давлат бюджетига, 20 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил давомида онлайн-аукцион орқали жами 298,8 млрд сўмлик 139,4 мингдан зиёд «чиройли» рақамлар харид қилинган.