2021 йил давомида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz сайтида 298,8 млрд сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақамлар сотилди, дея хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

Қайд этилишича, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича — 21 фоизга ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмни ташкил этган.

Сотилган авторақамларнинг 91 фоизи жисмоний шахслар, 9 фоизи — юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ушбу даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси — 450,5 минг сўмга, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмга тенг бўлди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 37 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 22% — иккинчи, 13% — учинчи, 9% — тўртинчи, 9% — бешинчи ва 10% — олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар қуйидаги вилоятларда сотилган:

  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти — қарийб 67 мингта (умумий харид қилинган авторақамларнинг 48 фоизи);
  • Самарқанд — 11 миндан ортиқ (8%);
  • Фарғона — 11 мингдан ортиқ (8%),
  • Наманган — 8,3 мингта (6 фоиз)
  • Андижон — 8,3 мингта 6 фоизи,
  • Бухоро — қарийб 7 мингта (5%).

Авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи — Ўзбекистон Давлат бюджетига, 20 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 9 ойи давомида онлайн-аукцион орқали жами 221,1 млрд сўм қийматда 105,6 мингдан зиёд «чиройли» рақамлар харид қилинган.