Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жуда кўп миқдордаги хорижий валютани ноқонуний равишда қўшни давлатга олиб чиқилишининг олди олинди, дея хабар қилди ДХХ ахборот хизмати.

Хусусан, Фарғона туманида яшовчи, Т. Ж. (1985 й.т.) Қўқон шаҳрида ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқародан 152 минг 663 АҚШ долларини олиб, Қирғизистонга ўтказиш мақсадида Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган Р. Р.га (1977 й.т.) етказиб бериш учун кетаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Шунингдек, ўзбек-қирғиз давлат чегарасига яқин бўлган Фарғона туманининг Миндон қишлоғида кутиб турган Р. Р. ҳам ушланган.

Бошқа бир ҳолатда эса Фарғона туманида яшовчи, М. Ш. (1992 й.т.) Фарғона шаҳрида фуқаро А.Т.дан 140 минг 54 АҚШ долларини олиб, Қирғизистонда истиқомат қилувчи шахсга етказиб бериш мақсадида «Фарғона-Водил» йўналишида давлат чегараси томон ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, А.Т. ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича Бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ ҳамда божхона қўмитаси ходимлари 90 минг долларни Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган аёлни тўхтатиб қолган эди. У чегарадан пулнинг бир қисмини аввал оёқ кийимлари ичига, кейинги сафар эгнидаги кийимлари орасига яширган ҳолда ўтмоқчи бўлган.