UzAuto Motors компанияси яқин ойларда Chevrolet Tracker-2 ва Onix автомобиллари учун аризаларни қабул қилишни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг компаниядаги ахборот манбаси маълум қилди.

Tracker-2 мини-кроссовери учун шартномаларни августдан тузиш, автомобилларни бериш эса сентябрь ойи бошида бошланиши кутилмоқда. Onix седанига аризалар октябрь ойида қабул қилинади, аммо харидорлар машинани фақат 2023 йил бошида олишлари мумкин бўлади.

UzAuto Motors компанияси 18 июль куни Асакадаги заводида Chevrolet Tracker 2023 автомобилини серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Ишлаб чиқарувчи ўшанда Tracker-2 нархи бунга қадар Хитойдан олиб келинган импорт автомобилдан (ҳозирда нарх 255,2 млн сўмдан 264 млн гачани ташкил этади) анча арзонроқ бўлишига ваъда берди. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 мингтани ташкил этади. Шу йил охиригача эса 25 мингта кроссоверни сотувга чиқариш режалаштирилган.

«Газета.uz» Onix моделини маҳаллийлаштириш 2022 йил тўртинчи чорагидан бошланиши ҳақида ҳам хабар қилган эди. Uzavto Motors собиқ раҳбар в. б. Рустам Ражабов Ўзбекистонда седаннинг нархи 9−12 минг доллар атрофида бўлишини маълум қилган эди.