25−26 июль кунлари Тошкентда ўтказилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев «Афғонистонни қайта тиклаш — Афғонистонда мустаҳкам тинчлик асоси» сессияси доирасида бу борадаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Афғонистонда «Сурхон — Пули-Хумри» 500 кВ электр узатиш тармоғини қуриш" инвестиция лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар қайд этилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Афғонистонга суткалик 24 миллион кВт.соат ёки йилига 6 млрд кВт.соат электр энергия етказиб бериш имконияти яратилади.

Афғонистонда электр тармоқларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича шартнома Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари ва Da Afghanistan Breshna Sherkat ўртасида 2020 йил декабрь ойида имзоланган эди.

2021 йил июль ойидан бошлаб, «Толибон» ҳаракатининг Кобул томон фаол юриши даврида Афғонистонда лойиҳани амалга ошириш тўхтатилган эди. Ҳозирда лойиҳа доирасида Ўзбекистон ҳудудида (Сурхон подстанциясидан Афғонистон билан чегарагача 45 км) 500 кВ электр узатиш тармоғи қурилиши якунланган.

«Лойиҳа доирасида Афғонистонда қурилиш ишларини бошлаш муддатини 2022 йил 31 августгача узайтиришга келишиб олинди», — дейилади хабарда.

Лойиҳага мувофиқ электр узатиш линиясининг умумий узунлиги 245,6 км ни ташкил этади. Шундан 45 км Ўзбекистон ҳудудига, 200,6 км Афғонистон ҳудудига тўғри келади.

Афғонистондаги лойиҳа қиймати 100,1 млн долларни ташкил этади. Осиё тараққиёт банки ҳозирда Da Afghanistan Breshna Sherkat лойиҳаси учун маблағ очиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойида Осиё тараққиёт банки Афғонистоннинг собиқ ҳукуматига 110 млн доллар ажратган эди. ОТБ маблағларининг асосий қисми ўзбекистонлик пудратчилар томонидан амалга ошириладиган қурилиш ишларига йўналтирилиши керак эди. 2021 йил декабрь ойида Миллий электр тармоқлари ва DABS қурилишни қайта тиклаш бўйича музокараларни бошлади.