Ўзбекистон миллий электр тармоқлари (МЭТ) ва Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) компанияси Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш ҳажмини олишиш учун юқори вольтли «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини қайта тиклаш бўйича музокараларга киришди. Бу ҳақда МЭТ матбуот хизмати хабар қилди.

25−30 декабрь кунлари DABS раҳбарияти ва Афғонистон муваффақ ҳукумати вакиллари Тошкентга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад «500 кВли Сурхон-Пули-Хумри» инвестиция лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат эди.

МЭТдан қайд этилишича, лойиҳа доирасида компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан 500 кВ кучланишли «Сурхон» подстанциясидан ўзбек-афғон чегараси (Амударё дарёси)гача 45 километр узунликдаги 500 кВ электр узатиш тармоғи қуриб битказилди. Афғонистон ҳудудида лойиҳанинг 201 километр узунликдаги қисмининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

«Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади Афғонистон билан қўшничилик муносабатларни яхшилаш, Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига, халқининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиш, Афғонистонга электр энергия экспортини ошириш ҳамда Афғонистон энергетика тизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиё энергетика тизимига улаш учун техник шароитлар яратишдан иборат», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг октябрида Осиё тараққиёт банки Афғонистоннинг аввалги ҳукуматига «Сурхон — Пули-Хумри» ЭУЛ қурилиши учун 110 млн доллар ажратган эди. ОТБ маблағларининг асосий қисми ўзбекистонлик пудратчилар томонидан амалга ошириладиган қурилиш ишларига йўналтирилиши керак эди. Бироқ маршрут ҳудудидаги беқарор вазият туфайли Афғонистон участкасида қурилиш ишлари бошланмади.

Октябрь охирида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, республика инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Тошкент Афғонистон муваққат ҳукумати билан ЭУЛ қурилишини давом эттириш бўйича келишиб олганини маълум қилди.

2019 йилда МЭТ DABS билан афғон компаниясига «ол ёки тўла» тамойили асосида 10 йил муддатга ҳар йили 6 млрд киловатт-соатгача электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Ўзбекистондан афғон истеъмолчиларига етказиб берилаётган электр энергияси ҳажми кунига қарийб 35 мегаваттни ташкил этади.

Октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 млн доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ қоплаш мажбуриятини олган ва Ўзбекистон «бир соат ҳам» Кобулга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаган.