Россия Афғонистон муваққат ҳукуматининг АҚШга музлатиб қўйилган 7 млрд долларни қайтариш ҳақидаги талабларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

«Мен Афғонистонга тегишли музлатилган, аслида АҚШ томонидан ўғирланган 7 млрд долларни сўзсиз, ҳеч қандай шартларсиз қайтаришни талаб қилган [Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири] Муттақийни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Тасаввур қилинг-а, фуқароси кунига 1 доллардан кам даромад оладиган мамлакатда 7 млрд долларни ўғирлаш шунчаки жиноятдир», — деди Россия делегацияси раҳбари конференцияда.

«Бу ахир, сизларга айтсам, Жаҳон банки ҳисобидаги музлатилган Афғонистон учун 2,5 млрд долларлик инсонпарварлик ёрдамини сўнгра афғонларга иккиюзламачилик билан бўлакларга бўлиб қайтаришга тааллуқли. Бу мутлақо ёмон ҳолат», — деди Замир Кабулов.

«Биз Афғонистонни ҳозирги ҳолатга келтирган Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва бошқа сателлитлар ўз хатоларини ўнглаш учун ўз ҳиссалари қўшишлари кераклигидан ҳамда улар 20 йил давомида қўллаб-қувватлаган порахўр қочоқ қўғирчоқ ҳукуматдан келиб чиқамиз», — дея қўшимча қилди РФ махсус вакили.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг апрель ҳолатида Афғонистон Марказий банки 9,4 млрд долларлик захира активларига эга бўлган, бу мамлакатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг учдан бир қисмига тўғри келади.

Энг катта қисми — 7 млрд доллар — Федерал захира тизими (Марказий банк ваколатларини бажаради) ҳисобларида. Улардан 3,1 млрд доллари АҚШ ҳукумати облигацияларига тикилган, 2,1 млрд доллари Жаҳон банкининг Маслаҳат хизматлари ва захираларни бошқариш дастуридаги (RAMP) активлар, 1,2 млрд доллари олтин ва атиги 300 минг доллари нақд пул шаклида. Яна 1,3 млрд доллар халқаро ҳисобларда сақланган.

2021 йилнинг 11 сентябрида ўтган ШҲТ саммитида президент Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди.