Сўнгги йилларда дунёнинг аксарият давлатлари кун тартибида бўлиб келган рақамлаштириш жараёнлари пандемия фонида кескин жадаллашди. Рақамли технологияларнинг жамият ҳаётида мисли кўрилмаган даражада ўрин эгаллаши инсонлар турмуш тарзи ва меҳнат фаолиятида туб бурилиш ясади. Пандемиянинг дастлабки тўлқинларида меҳнат бозорида кузатилган ишсизликнинг ортиши кейинчалик ишчи кучининг тармоқлараро кўчиши, аниқроқ айтганда, меҳнат ресурсларининг янги очилган иш ўринлари ёки ишчи кучига талаб нисбатан юқори бўлган соҳаларга ўтиши билан ўрин алмашди.

«Газета.uz» ана шундай ўзгарувчан бозор шартлари фонида «келажак касблари» дея эътироф этилаётган касблар тўғрисидаги айрим ишончли маълумотларни ўз материалига жамлади.

Бандлик истиқболлари ва «иқтидорлар танқислиги»

ManpowerGroup компанияси томонидан ўтказилган «Бандлик истиқболлари тадқиқоти» (The Employment Outlook Survey) бутун дунё бўйлаб 40 000 дан зиёд иш берувчилар ўртасида 2022 йилнинг учинчи чораги учун ишга ёллаш бўйича лойиҳаларни ўрганди. Компания ўзининг мазкур тадқиқоти натижаларига таяниб, ҳозирда дунё миқёсида энг юқори талаб кузатилаётган касблар ва қобилиятлар, ишга ёллашда иш берувчилар дуч келаётган муаммолар ҳамда глобал бандлик истиқболлари билан боғлиқ бошқа маълумотларни тақдим этди.

Хусусан, компания томонидан тузилган бугунги кунда энг кўп талаб қилинадиган касбларнинг ТОП-5 талик рўйхатида IT ва Data (маълумотлар) соҳаси мутахассислари етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда савдо ва маркетинг (2), операциялар ва логистика (3), товар ва хизматлар ишлаб чиқариш (4) ҳамда мижозлар билан ишлаш ва фронт-офис (5) бўйича мутахассислар санаб ўтилади.


Шунингдек, компания сўров натижаларига мувофиқ, иш берувчилар томонидан энг кўп талаб қилинадиган ва, эҳтимол, энг кўп қадрланадиган шахсий хусусиятлар (soft skills) бешталигини ҳам маълум қилди:

  • ишончлилик ва шахсий интизом;
  • чидамлилик ва мослашувчанлик;
  • мулоҳазакорлик ва муаммоларга ечим топа билиш;
  • ижодкорлик ва ўзига хослик;
  • танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш.

Тадқиқот хулосасида келтирилишича, иш берувчилар орасида ишчи кучига бўлган талаб оптимистик руҳда ва пандемиядан кейинги даврда кузатилган энг юқори даражада қайта тикланмоқда.

Шу билан биргаликда, глобал миқёсда «иқтидорлар танқислиги» (talent shortage) сўнгги 16 йилликдаги рекорд даражани қайд этмоқда. Сўровномада иштирок этган иш берувчиларнинг тўртдан уч қисми (75%) бўш иш ўринларини тўлдиришда қийинчиликларга дуч келаётганлигини маълум қилган. Хусусан, мазкур кўрсаткич 2010−2016-йиллар оралиғида нисбатан барқарор (31−40% оралиғида) кузатилган бўлса, 2019−2022-йиллар оралиғида кескин — 45% дан 75% гача ўсганлигини кўриш мумкин.


Тадқиқот натижаларига кўра, асосан таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий иш, давлат хизматлари, IT ва технологиялар, телекоммуникация, алоқа ва оммавий ахборот воситалари, банк иши, молия, суғурта, кўчмас мулк, қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, ишлаб чиқариш, ресторанлар ва меҳмонхона хизматлари соҳаларида мавжуд бўш иш ўринларини зарур малакага эга кадрлар билан тўлдириш энг мушкул вазифага айланган.

Юқори даромад олиш учун олий маълумот талаб этилмаслиги мумкин

Аввалроқ Business Insider нашри АҚШда 2020−2030-йиллар учун ишлаб чиқилган бандлик дастури ҳамда 2021 йилги меҳнатга ҳақ тўлаш маълумотларига асосланиб, мамлакатда энг юқори ҳақ тўланадиган ва энг кўп бўш иш ўрни яратилиши кўзда тутилган касблар рўйхатини эълон қилган эди. Нашрнинг ёзишича, мазкур касб эгаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда ва келгуси ўн йилликда мазкур тенденция сақланиб қолиши кутилмоқда.




Келгусида талаб ўсиб бориши ва юқори ҳақ тўланиши кутилаётган касблар (АҚШ)

Ўртача йиллик даромади
(2021 йил, май ҳолатига)
1.
Дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар ҳамда дастурий таъминот сифат кафолати бўйича таҳлилчилар ва синовдан ўтказувчилар
$120,730
2.
Умумий ва операцион менежерлар
$97,970
3.
Лицензияга эга бўлган ҳамширалар
$77,600
4.
Молиявий менежмент бўйича мутахассислар
$131,710
5.
Тиббий ва соғлиқни сақлаш хизматлари менежерлари
$101,340
6.
Амалиёт ҳамширалари
$120,680
7.
Менежмент бўйича таҳлилчилар
$93,000
8.
Бозор тадқиқотлари таҳлилчилари ва маркетинг мутахассислари
$63,920
9.
Ҳуқуқшунослар
$127,990
10.
Компьютер ва ахборот тизимлари менежерлари
$159,010
11.
Ҳисобчилар ва аудиторлар
$77,250
12.
Бошланғич мактаб ўқитувчилари (махсус таълимдан ташқари)
$61,400
13.
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисликлари бўйича ўрта махсус таълим ўқитувчилари
$102,720
14.
Оғир ва трактор-тиркама юк машиналари ҳайдовчилари
$48,310
15.
Хизматлар соҳаси савдо вакиллари (реклама, суғурта, молиявий хизматлар ва туризмдан ташқари)
$60,550
16.
Қурилиш менежерлари
$98,890
17.
Саноат машинасозлиги механиклари
$59,840
18.
Шифокор ёрдамчилари
$121,530
19.
Ўрта мактаб ўқитувчилари (махсус ва касбий/техник таълимдан ташқари)
$61,820
20.
Ахборот хавфсизлиги бўйича таҳлилчилар
$102,600
21.
Физиотерапевтлар
$95,620
22.
Инсон ресурслари (HR) бўйича мутахассислар
$62,290
23.
Логистика бўйича мутахассислар
$77,030
24.
Компьютер тизимлари бўйича таҳлилчилар
$99,270
25.
Маркетинг менежерлари
$135,030
26.
Электриклар
$60,040
27.
Компьютер технологиялари билан боғлиқ бошқа касблар (хусусан, веб-администраторлар, блокчейн муҳандислари ва бошқалар)
$95,240
28.
Саноат муҳандислари
$95,300
29.
Улгуржи ва ишлаб чиқариш савдо вакиллари (техник ва илмий маҳсулотлардан ташқари)
$61,600
30.
Алкоголизм ва наркомания, хулқ-атвор бузилиши ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар бўйича консултантлар
$48,520

Business Insider маълумотига кўра, мазкур рўйхатда санаб ўтилган касбларнинг ҳар учтадан иккитаси бўйича ишга ёлланиш учун (энг камида) бакалавр даражаси талаб этилади. Тиббиёт соҳаси вакилларининг аксарияти ҳамда ҳуқуқшунослар магистрлик ёки докторлик даражасига эга бўлишлари лозим. Савдо вакиллари, ҳайдовчилар, электриклар каби айрим касб эгаларидан эса олий маълумот талаб этилмайди. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, маълумот даражаси ортиши билан мос равишда (тўлиқ асосда) ишга ёлланиш эҳтимоли ортади.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур рўйхат ManpowerGroup томонидан тақдим этилган, талаб юқори бўлган мутахассислар ҳамда малакали кадрлар етишмаётган соҳалар тўғрисидаги маълумотларнинг қай даражада ҳақиқатга яқин эканлигини тўлиқ тасдиқлайди.

Айни пайтда, айрим манбалар келажак касблари қаторига, бугунги кунда глобал миқёсда устуворликка эга бўлган муқобил энергия сектори, рақамли маркетинг, электрон савдо (e-commerce) соҳалари вакиллари ҳамда вакцина бўйича мутахассисларни ҳам киритишган.

Талаб юқори бўлган малакаларни «ўзлаштириш мумкин»

Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб, одамлар ва машиналар ўртасидаги меҳнат тақсимоти 85 миллион иш ўринлари йўқотилишига олиб келиши, шу билан бир пайтда, одамлар, машиналар ва алгоритмлар ўртасидаги янги меҳнат тақсимотига мослашган 97 миллион янги касблар пайдо бўлиши мумкин.

Меҳнат бозори хусусиятлари ва талабларининг кун сайин ўзгариб бориши ишчи кучи малакасини мунтазам ошириб, бозор талабларига мослаштириб борилиши заруратини туғдиради. Сўнгги тадқиқотлар ҳозирда юқори талаб мавжуд бўлган малакаларни «ўзлаштириш мумкин» эканлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Coursera таълим платформаси маълумотларига кўра, платформа ёрдамида айрим замонавий касблар учун зарур малакаларни ўрганишда ўртача 1−5 ойлик муддат етарли бўлиши мумкин: савдо ва маркетинг — 1−2 ой, маълумотлар ва сунъий интеллект — 2−3 ой, булутли ҳисоблаш ва муҳандислик — 4−5 ой.

Шу нуқтаи назардан, истиқболли соҳаларда каръера қуриш учун зарур билим ва малакаларни эгаллаш билан кифояланиб қолмай, уларни узлуксиз янгилаб бориш, замонавий меҳнат бозори чақириқларига ўз вақтида жавоб қайтариш муносиб меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда молиявий барқарорликка эришишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.