2021 йилнинг октябрь ойидан ҳозиргача «Istiqlol Avlodi» нодавлат нотижорат ташкилоти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида 35 нафар одам савдоси қурбони Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Одам савдосидан жабрланганларнинг барчасига тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация қилиш учун хорижий давлатларга, жумладан, Россия ва Қозоғистонга олиб кетилган.

«Одам савдоси — бу глобал миқёсда содир этилган одам савдоси ва фойда олиш мақсадида уларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ бўлган жиноят туридир. Дунёнинг барча минтақаларида учрайдиган ушбу жиноятнинг қурбонлари жинси, ёши ва келиб чиқишидан қатъий назар ҳар ким бўлиши мумкин. Дунё бўйлаб одам савдосига қарши курашиш USAID ва Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг асосий устувор йўналишларидан биридир. АҚШ 2005 йилдан бери USAID орқали Ўзбекистонга одам савдосидан огоҳлантириш ва қурбонларга уларга ёрдам бериш учун 9,6 млн доллардан ортиқ сармоя киритди», — деди USAID`нинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчи Луанн Гронховд.

Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам одам савдоси қурбонларини аниқлаш учун USAID Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Миллий комиссия ва маҳаллий ҳамкорлар, жумладан, комиссия аъзоси бўлган «Istiqlol Avlodi» ННТ билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Яқинда USAID кўмагида Жиззах шаҳрида одам савдоси қурбонларини аниқлашга кўмаклашиш мақсадида Мигрантлар учун ахборот ресурс маркази очилди. Марказ меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига маслаҳат ва керакли маълумотлар беради.

Одам савдоси қурбонлари аниқлангач, уларнинг ортига хавфсиз қайтиши ва жамиятга қайта интеграциялашувини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қайтган мигрантларга, шу жумладан, одам савдоси қурбонларига психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматлари кўрсатилади, касб-ҳунарга ўргатилади. Реабилитация хизматларидан ташқари одам савдоси қурбонлари хавфи остида бўлган шахсларга ёрдам кўрсатилади.

«USAID`нинг „Марказий Осиёда хавфсиз миграция“ лойиҳаси доирасида биз меҳнат муҳожирлари ва хавф остида бўлган шахсларнинг қонуний ишга жойлашиш йўллари, шунингдек, чет давлатлардаги мигрантларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорлигини ошириш устида ишлаяпмиз», — деди «Istiqlol Avlodi» раҳбари Назифа Камолова.