Одамлар турли бахтсиз ҳодисалар натижасида жароҳат олиб, қон йўқотиши ва қон қуйишга муҳтож бўлиши мумкин. Шунингдек, гематологик, онкологик касалликлар билан курашадиган инсонлар учун ҳам қон, унинг таркибий қисмлари, ундан тайёрланадиган дорию, препаратлар ўта муҳим.

Қон қуйишга муҳтож бўлиб қолган ҳар бир одамнинг алоҳида қон гуруҳи ва резус фактори борлигини инобатга олганда, унга фақатгина шу гуруҳ ва фактордаги қон қуйилиши мумкин. Хўш, шу қон қаердан олинади? Биз улар ҳақида кўп эшитамиз, ўқиймиз, ҳатто ўзимиз ҳам улар орасида бўлишимиз мумкин. Булар — донорлар. Лотин тилидан олинган бу сўзнинг маъноси ҳам «ҳадя қилиш» дегани.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида ўнтани ёки аҳоли сонига нисбатан 1% ни ташкил этиши керак. Республика қон қуйиш марказининг «Газета.uz» га тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2021 йилда ҳар минг аҳолига 6,8 нафар ёки 0,68 фоизни ташкил этган. Кўриниб турибдики, мамлакатдаги донорлик даражаси меъёрида эмас.

Қандай қилиб қон топшириш мумкин? Хоҳиши бор ҳамма ҳам қон топшира оладими? Қон топширишнинг донорга қандай фойдаси бор? Нега Ўзбекистонда донорлик даражаси паст? «Газета.uz» шу ва бошқа саволларга жавоб излади.

Мақолада қуйидаги саволларга жавоб топасиз:

Донор бўлиш учун қандай талабларга жавоб бериш керак?

Донорлик бўйича чекловлар нималарга асосланган?

Донордан қон олиш жараёни қандай кечади?

Қондан олинадиган таркиблар

Донорликдан олдин ва кейин нималар қилиш мумкин (эмас)?

Қон топшираётганда хушдан кетиш хавотирлими?

Қайси қон гуруҳларига талаб кўпроқ ёки камроқ?

Қонни импорт қилиш мумкинми?

Донорнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари

Ўзбекистонда донорлик сустлигининг сабаблари

Кўнгилли донорлар кўпайиши кераклиги

Донор бўлиш учун қандай талабларга жавоб бериш керак?

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги низомда донорликка танлаб олиш, номзодни тиббий кўрикдан ўтказиш, қон ва донация учун талаблар, донорликка қарши кўрсатмалар келтириб ўтилган.

Унга кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган тана вазни 50 килограммдан юқори ўзини соғлом деб билган Ўзбекистон фуқаролари донор сифатида қон топшириши мумкин.

Республика қон қуйиш маркази «Донорларни жамлаш» бўлими бошлиғи Мукаррам Пўлатова «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида донорнинг соғломлик даражаси қандай бўлиши кераклигини тушунтириб ўтди.

донорлик, зиёда рамазонова

Мукаррам Пўлатова.

Унинг айтишича, донорлик учун нисбий ва мутлақ қарши кўрсатмалар бор. Нисбийлар маълум вақт ўтгачгина қон топшира олсалар, мутлақ қарши кўрсатмадагиларга ҳаёти давомида донор бўлиш умуман мумкин эмас.

Нисбий қарши кўрсатмалар

  • Игна санчиш, қулоқ тештириш (пирсинг), татуировка, тиш экстракцияси, абортлар, амбулатор жарроҳликдан кейин олти ойдан сўнг;
  • Ангина, грипп, ЎРВИ каби тумовли ҳолатлардан тузалган пайтдан бошлаб бир ой ўтгач;
  • Ҳайз кўриш даври тугагандан кейин 5 кун ўтиб;
  • Антибиотиклар қабул қилиш тўхтатилганидан кейин икки ҳафта ўтиб;
  • Туғруқдан кейин бир йил ва болани эмизиш тўхтатилганидан сўнг уч ойдан сўнг;
  • Алкоголь қабул қилгач 48 соат ўтгач;
  • ОИВ касаллигини юқтирган шахс билан охирги алоқада бўлган кундан кейин 12 ой ўтиб;
  • Ковидга қарши вакцина дозаларини тўлиқ олиб бўлгандан сўнг бир ой ўтгач;
  • Ковид билан оғриган беморларда касаллик даври енгил ўтган бўлса, тўла тузалганидан сўнг камида бир ой, агар оғир, турли пневматик ҳолатлар билан ўтган бўлса, камида уч ой;
  • Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилгач, тиббий кўрик ҳамда қонни гематрансмиссив инфекциялар бўйича дастлабки текширишдан ўтказилгандан кейингина донор сифатида қон топшириш мумкин.
  • Тўлиқ рўйҳат.

Мутлақ қарши кўрсатмалар

Онкологик, юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш органлари, жигар ва ўт йўллари, кўриш органлари касалликлари, Б ва C вирусли гепатитлари, ОИВ инфекцияси, ОИТС, мохов, бруцеллёз, сил (ҳамма шакллари), туляремия, захм ҳамда бошқа юқумли касалликлар, шунингдек, тана аъзолари трансплантацияси, руҳий касалликлар бўлганда донор сифатида қон топшириш мутлақо мумкин эмас (Тўлиқ рўйҳат).

Донорлик бўйича чекловлар нималарга асосланган?

Татуировка, пирсинг ёки тиш даволашда бир марта ишлатиладиган асбоб-ускуналардан фойдаланилиши ёки стерилланишидан қатъи назар ушбу амалиётларни ўтказган инсонлар маълум вақт ўтгачгина қон топширишлари мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, бу айрим касалликларнинг дастлабки босқичи яширин ҳолатда бўлиши билан боғлиқ.

«Тўғри, аввал қон анча текширувлардан ўтади. Таркибида бирор вирус ёки юқумли касаллик йўқлиги аниқлангачгина бошқа организмга қуйишга рухсат берилади. Аммо шундай касалликлар борки, организмда яшаб, маълум муддат ўтгач асоратини кўрсатади», — дейди Қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи Мукаррам Пўлатова.

Касалликларни яширин даврида тиббиётдаги энг илғор техникалар билан ҳам аниқлаш имконсиз. Кўп ҳолларда татуировка, қулоқ тешиш ва бошқа амалиётлар даврида мутахассислар керакли қоидаларга амал қилади. «Лекин ўзимиз гувоҳ бўлмаган амалиёт учун қон қуйиладиган инсоннинг — бир беморнинг ҳаётини таҳликага қўйишга ҳаққимиз йўқ», — дея таъкидлайди Мукаррам Пўлатова.

донорлик, зиёда рамазонова

Шунинг учун ҳам танадаги амалиётлар ва яшаш тарзидан келиб чиқиб қон топширишда бир неча кунлик, ойлик ёки йиллик чекловлар белгилаб қўйилган. Касалликлар ёки бирор асоратлар бу давр мобайнида яширинлик босқичидан ўтади ва аниқлашнинг имкони бўлади. Агар ҳаммаси ижобий бўлса, қон топшириш хоҳишидаги инсонлар бемалол донорлик қилишлари мумкин.

Юрак, ўпка, буйрак, ошқозон-ичак, гематологик, онкологик касаллиги мавжуд одамлар, ҳатто тузалиб кетган бўлсаларда, маълум аъзоларида етишмовчиликлар бўлиши мумкин. Улардан қон олинганда гемоглобин миқдори тушиб кетиб, нимжон аъзодаги касаллик қайта қўзиши, кучайиши ва беморнинг ҳаётига жиддий хавф солиши мумкин.

Қолаверса, улар жуда кўп дори-дармон истеъмол қилган бўлади. «Шунинг учун бундай касалликлар билан оғриган инсонларга ҳаёти давомида қон топшириш мумкин эмас», — дейди суҳбатдош.

Донордан қон олиш жараёни

Донорнинг соғломлик даражасини аниқлаш номзоднинг кўрсатмалари, бирор маълумотни яширмаслик ёки нотўғри маълумот бермаслик шарти билан тўлдирадиган тиббий саволнома, шифокор билан суҳбати, гемоглобин, қон гуруҳи ва резус факторни аниқлаш учун бармоқда олинадиган қон, икки босқичли, икки кун давом этадиган умумий донорлик қони таҳлили жараёнларини ўз ичига олади.

1. Рўйхатдан ўтиш

Қон қуйиш марказига Ўзбекистон фуқаролари — паспорт, ҳарбий хизматчилар — ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари (ҳарбий гувоҳнома ёки офицернинг шахсий гувоҳномаси), чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар — Ўзбекистонда доимий яшашга рухсатнома билан қабул қилинади.

донорлик, зиёда рамазонова

Ҳозирда янги нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси орқали ҳам рўйхатдан ўтиш амалга оширилмоқда. Донорлик қилмоқчи бўлганлар юқоридаги шахсни тасдиқловчи ҳужжатларидан бири билан исталган қон қуйиш марказига бориб қон топшириши мумкин.

Ўзбекистонда қон топшириш мумкин бўлган манзиллар рўйхати.

донорлик, зиёда рамазонова

Мутахассиснинг айтишича, мамлакатдаги барча Қон қуйиш марказлари учун умумий бўлган Ягона донорлик марказининг ахборот базаси мавжуд. Унда донорликдан четлаштирилган ҳамда соғлом донорлар рўйхати туради. Донорлик истагини билдириб марказга келган инсонлар аввал қон топширган ёки топширмагани, натижалари, донорликдан четлатилган бўлса, қай сабаб билан бундай бўлгани ҳақида шу базадан билиб олишади.

Агар шахс биринчи марта қон топшираётган бўлса ва тиббий текширув натижалари ҳам ижобий чиқса, янги донор сифатида базага киритиб қўйилади.

донорлик, зиёда рамазонова

«Илгари ҳаммаси қоғозда қайд этилган бўлиб, бундай электрон иш тизимидан 2010 йилдан бери фойдаланиб келмоқдамиз. Базадаги лаёқатли донорлар сони 150 мингга яқинлашиб қолган», — дея қўшимча қилади Пўлатова.

2. Тиббий саволномани тўлдириш

Юқорида таъкидланганидек, донорликка номзодлар тиббий саволнома тўлдиради. У инсоннинг шу вақтга қадар бошидан ўтказган касалликлари ва ҳаёт тарзи тўғрисидаги саволлардан иборат. Номзоднинг айни дамда ўзини қандай ҳис қилаётганидан яқин кунларда қандай дори-дармонлар қабул қилганигача сўралади. (Саволнома).

донорлик, зиёда рамазонова

Барча саволларга тўлиқ жавоб олинади. Агар донор қайсидир саволни тушунмаса, шифокорлар изоҳ беради ва унга ёрдамлашади. Аммо бирор саволга жавоб беришдан бош тортса, ундан қон олинмайди.

Албатта, саволномада ҳамда шифокор билан суҳбат давомида саломатлигига оид маълумотларни нотўғри айтадиганлар учрамаслиги кафолатланмаган. Хўш, шифокорлар фақат номзодларнинг кўрсатмаси билангина кифояланадими? Бу қон қабул қилаётган беморнинг ҳаёти учун хавфли эмасми?

«Биз одамларнинг ҳаёт тарзи қандай кечганини билмаймиз. Шунинг учун ҳам ўзларининг бу борадаги жавоблари аҳамиятли. Бировларга ёмонлик тиламаган инсон саволларга тўғри жавоб беради. Алдаш ҳолатларининг олдини олиш учун саволнома орқасида ҳеч нарсани яширмаётгани, агарда нотўғри кўрсатма берган бўлса, жавобгарликка тортилиши тўғрисида маълумотга эга экани ҳақидаги тилхатга имзо чекади», — деб тушунтиради мутахассис.

«Бир қон қуйиш марказида донорликка номзод шахс охирги олти ойда ОИТСга чалинган инсон билан алоқада бўлдингизми деган саволга йўқ деб жавоб берган. Лекин таҳлил учун олинган қон таркибидан ОИТС аниқланган. Аёли шу инфекция билан касалланган донор буни яширган экан. Унга тегишлича чоралар кўрилган», — дейди у.

3. Шифокор текшируви

Саволнома натижалари қониқарли бўлган номзод шифокор текширувига ўтказилади. Шифокор унинг қон босимини ўлчайди, терисини текширади ва қон топширишга алоқадор бошқа саволларни бериб у билан суҳбатлашади.

донорлик, зиёда рамазонова

4. Лаборатор таҳлиллар

Хулосалар ижобий бўлса, номзод гемоглобин миқдори, қон гуруҳи, резус факторини аниқлашга юборилади. Гемоглобин миқдори аёлларда 120 г/л, эркакларда 128 г/л дан юқори бўлиши керак. Ушбу талаблар ҳам бажарилганда донор қон топшириши мумкин.

донорлик, зиёда рамазонова

донорлик, зиёда рамазонова

5. Қон топшириш

Қон олиш миқдори ҳам ҳар бир инсоннинг ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Камида 350, кўпида эса 450 миллилитр олинади. Низомга кўра, 500 миллилитргача олиш мумкин.

«Бу ерда асосий меъзон — оғирлик ҳамда жинс. Вазни 70 килограммдан енгил эркаклар, аёллар (80 килограммдан юқори бўлса ҳам), биринчи марта қон топшираётган ва бундан бироз ҳадиксираётган одамлардан кўпинча 350 миллилитр оламиз. 75 килограммли эркаклардан эса 450 миллилитр олиш бошланади», — дея аниқлик киритади Мукаррам Пўлатова.

донорлик, зиёда рамазонова

донорлик, зиёда рамазонова

Қон венадан махсус қон йиғиш халтачасига олинади.

Қон қопчасига донорнинг исм-фамилияси, қон гуруҳи, резус фактори ҳамда қон қайси кун топширилгани ёзиб қўйилади. Агар донор ким учун қон топширишга келганини айтса, бу ҳам халтачага ёзиб қўйилади. Шу орқали манзилига етказилади. Қолаверса, бу маълумотлардан беморлар ўзига кимнинг қони қуйилаётганини ҳам билиб олишлари мумкин.

донорлик, зиёда рамазонова

Қон топшириш интервали эркаклар учун ҳар икки ойни, аёлларда эса уч ойни ташкил этади. Шундай қилиб, эркаклар бир йилда беш маротаба, аёллар бўлса тўрт маротаба қон топшириши мумкин.

6. Олинган қоннинг ИФА ва ПЗР методли текширувдан ўтиши

Донордан олинган қоннинг барча текширувлардан ўтиши икки кунни олади. Жигар кўрсаткичи, қон гуруҳи, резус фактори, бруцеллёз натижалари тест топширилган куннинг ўзида чиқади. Гепатит Б, C, ОИТС, сифилисга текширув натижалари чиқиши эса кўпроқ вақт талаб этади. Шунинг учун қон икки босқичли текширувдан ўтади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ишлайдиган бу тизимдан Республика қон қуйиш марказида фойдаланилаётганига кўп бўлмаган — охирги олти ойликда йўлга қўйилган. Айрим вилоятларда бироз олдинроқ бошланган.

«Биринчи босқич — ИФА (иммунофермент таҳлил — таҳр.) методи. Агар шу таҳлилнинг ўзида бирор касаллик аниқланса, бу қон йўқ қилинади. Тоза чиққан қон эса ПЗР (полимераз занжири реакциялари — таҳр.) методида текширилади. Ушбу молекуляр даражадаги таҳлилдан ҳам ижобий натижада ўтган қонни қуйишга рухсат берилади ва Қон қуйиш марказининг тайёр маҳсулотлари сақланадиган бўлимга ўтказилади. У ердан эса даволаш профилактика муассасаларига бериб юборилади», — деб тушунтиради Республика қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи.

донорлик, зиёда рамазонова

Ҳамма даволаш профилактика муассасаларининг қон билан шуғулланадиган экспедитори бўлади. Экспедитор ўзининг махсус сумкалари билан қон марказига келади. Талабнома асосида қон ва унинг маҳсулотлари бериб юборилади.

Қондан икки хил таркиб олинади: эртироцитар масса ва плазма

Фарқлари

Донорлардан икки хил қон маҳсулотини олиш мумкин. Бири — эритроцитар масса, бошқаси — плазма. Уларнинг олиниши, сақланиш ва ишлатилиши ҳам бир-биридан фарқ қилади.

донорлик, зиёда рамазонова

Эритроцитар массадан авариялар, туғруқ жараёни, бирор тана аъзоси синиши, ёрилиши натижасида бўладиган қон йўқотишларда, плазмадан эса қон кетишларда гематологик касалликлар, дори-дармонлар тайёрлашда фойдаланилади.

Плазма учун вазни белгиланган меъёрдан (60 килограмм) оғир, иммунитети кучли донорлар танлаб олинади.

Олиниши

Донор қон қуйиш марказига келиб, эритроцитар массани топшириб кетгунича бўлган жараёнларнинг бари 30 дақиқани олса, плазма топшириш бир соатга чўзилади. Биринчисида донор қонни топшириб бўлгач амалиёт тугайди. Иккинчисида бўлса, қондан плазма ажратиб олиниб, эритроцитар масса организмга қайта қуйилади.

Плазма учун олинган қон ўша заҳоти центрифугаланади (бирикмаларни марказдан қочма куч таъсирида таркибий қисмларга ажратувчи аппарат — таҳр.). Бунда қон плазма ва эритроцитар массага ажралади. Плазма стерил бириктирилган қопчаларга ажратилади.

донорлик, зиёда рамазонова

Умуман олганда, плазма олиш жараёни инсоннинг бевосита аралашувисиз амалга ошади. Махсус аппаратнинг ўзи қонни олади, плазмани ажратади ва эритроцитар массани қайтиб қуяди.

Сақланиши

Эритроцитар массани 2−8 градусли совутгичда 35 кунгача сақлаш мумкин. У музлаши ҳам, юқори ҳароратда туриб қолиши ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда, қон яроқсиз ҳолатга келади.

Плазма эса музлатилган ҳолда ҳар хил совутгич, музлатгичларда уч ойдан икки йилгача сақланиши мумкин. Бу ҳарорат билан боғлиқ жараён. Одатий совутгичларда минус ўн саккиз (-18) градусда уч ой, минус йигирма бешда (-25) бир йил, минус қирқда (-40) икки йилгача сақлаш имконияти мавжуд.

донорлик, зиёда рамазонова

Республика қон қуйиш маркази мутахассисининг аниқлик киритишича, яроқсизланган ёки бирор касаллик сабаб қуйишга рухсат берилмаган қон гипохлоритда зарарсизлантириб, сўнг канализацияга ташланади.

Донорликдан олдин ва кейин. Нималар қилиш мумкин (эмас)?

Мутахассис кўрсатмасига кўра, қон топширишни режалаштирган инсон эрталаб енгил нонушта қилиб олиши, кўпроқ суюқликлар ичиши керак. Шунда ҳам аччиқ, шўр, ёғли, сутли нарсалар ейиш мумкин эмас. Сабаби улар қонга сўрилиб, қоннинг сифати бузилишига олиб келиши мумкин. Қон топширишдан бир кун олдин ҳам юқоридаги маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, икки кун олдин спиртли ичимликлар ичмаслик тавсия этилади.

Қолаверса, бир кун олдин тиниқиб ухлаш керак. Тунги навбатчиликлар, ухламасдан кино кўриш, ўйин ўйнаш ва бошқа машғулотлар билан организм дам олмайди ва толиқади. Бундай пайтда қон олиш донорнинг хушдан кетиши, қаттиқ ҳолсизланишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёзнинг иссиқ кунларида Республика Қон қуйиш марказида қабул эрталабки 8:00 дан тушдан кейинги 14:00—15:00 ларгача давом этади. Негаки, куннинг қизиган пайтида донорлар тер билан организмидаги сувни кўп чиқаришади. Қўшимчасига улардан 350 ёки 450 миллилитрли қон олинса, қийналиб қолишлари мумкин. Шунинг учун ҳарорат юқори бўлган кунларда қанча эрта келишса, шунча яхши. Меъёрлашган пайтларда эса 17:00 гача давом эттиришади.

Қон топширгандан кейин донорларга беш дақиқача ўринларидан турмай ётишлари тавсия этилади. Қачонки, ўзларини яхши ҳис эта бошлашса, туриб кетишлари мумкин.

донорлик, зиёда рамазонова

Овқатланиш учун алоҳида қандайдир рецептлар тавсия этилмайди, одатдагидек давом этиш мумкин. Фақат кўпроқ суюқлик ичиш, оғир жисмоний меҳнатлар қилмаслик керак. Лекин суяк кўмигида ишлаб чиқариладиган қон ҳужайралари — гемоглобиннинг тўлиқ тикланишига 60 кун вақт кетади. Аёлларда ҳар ойда физиологик жараёнлар бўлганлиги сабабли гемоглобин тикланиши узоқроқ кечади. Донорликдаги интервал шунинг учун ҳам эркакларда икки, аёлларда уч ой этиб белгиланган.

Қон топширгандан кейин организм йўқотган суюқлигининг миқдорини 36 соат ичида тиклаб олади. Бу унинг ўзини ўзи тиклаш механизмига кўра — нимани йўқотса, ўшанинг ўрни қопланиши билан амалга ошади. Қон топширганда организм ёшариши ҳақидаги факт ана шу ердан келиб чиққин. Донор эски ҳужайрасини беради, бунга мутаносиб ҳолатда организм янгисини ишлаб чиқаради.

Баъзан қон топширгандан 36 соат ичида айрим донорлар беҳол бўлиб, қон топширганим учун гемоглобиним тушиб кетибди деб ўйлаб қолишади. Пўлатованинг таъкидлашича, бу гемоглобин билан эмас, организмдан йўқотилган суюқлик билан боғлиқ жараён. Йўқотилган суюқлик миқдори қоплангач ҳаммаси изига тушиб кетади.

Қон топшираётиб, хушдан кетиш хавотирлими?

Мукаррам Пўлатованинг таъкидлашича, қон топшириш жараёнида донорлар хушидан кетиб қолиши ҳам мумкин. Амалиёт давомида имкон қадар донор тўла хушсизланиб қолгунигача олиб бормасликка ҳаракат қилинади. Шифокорлар қон олиш жараёнининг бошидан охиригача донордан ўзини қандай ҳис этаётганини сўраб туради.

донорлик, зиёда рамазонова

Агар у ҳолсизланаётгани, ўзини яхши ҳис қилмаётганини айтса, жараён тўхтатилиб, организм тикланиши учун суюқлик қуйилади. Мабодо донорлар қон топшира туриб ўзларини ёмон ҳис этишсаю, буни айтишмаса, хушларидан кетиб қолишлари мумкин.

Аммо бу хавотирли эмас. Тезда бунга чоралар кўрилади. Нашатир спирти ҳидлатилиб, ўзига келиши учун сув сепилади. Қолаверса, хушдан кетиш қайсидир бир дақиқалардангина иборат бўлади. Донор ўзига келганда шифокорлар муолажа ўтказади. Организмига суюқлик қуйиб, қон босими тушиб кетган бўлса, унга қарши дорилар беришади.

Маълум қон гуруҳига талабнинг кўп ё кам бўлиши ҳақида

Пўлатовага кўра, манфий қон гуруҳидаги инсонларнинг қон эҳтиёжини қондириш ҳар доим қийин бўлади. Бутун дунё, жумладан, Ўзбекистон аҳолисининг орасида 2-гуруҳ мусбат (+2) қон гуруҳидаги инсонлар кўп учрайди.

Қайсидир қон гуруҳига талабнинг юқори бўлиши, қайсидир бирининг тез топилмаслиги каби ҳолатлар ҳам нисбий бўлиб, ҳаммасига шароит ёки вақтга боғлиқ бўлади.

«Баъзан ўзимиз ҳам ҳайрон қоламиз. Маълум қон гуруҳидаги беморлар бирданига ётиб қолади. Ўтган ўн кунлик давомида биринчи гуруҳ мусбат (+1) қонга талаб жуда ошиб кетди. Бир нечта касалхона айнан шу қон гуруҳини сўради. Шунақа вақтларда қон топиб бериш ҳам қийинроқ бўлади», — дея фикрига қўшимча қилади Пўлатова.

донорлик, зиёда рамазонова

Баъзан турли касалхоналар орқали сўраладиган қон Қон қуйиш марказининг ўзидан топилмаслиги ҳам мумкин. Шундай пайтда базадаги донорларга қўнғироқ қилиб, улардан ёрдам сўралади. Унда ҳам топилмаса, ижтимоий тармоқларда эълонлар берилади.

«Пандемияда жуда қийин вазиятни бошимиздан ўтказдик. Йўллар ёпилган, машиналар юрмайди. Донорлар йўқ, аммо касаллар бор. Уларга қон керак. Охири иложсизликдан ижтимоий тармоқларга эълон бердик. Одамлар қон топшириш учун бошқа туманлардан яёв келди», — дейди мутахассис.

Бир ҳудудда қон топилмаса, бошқа вилоятлар ёки давлатлардан қон олиб келиш мумкинми?

«Республика қон қуйиш марказига бошқа вилоятдан қон олиб келинганини эслолмайман. Чунки қоннинг белгиланган сақланиш ҳарорати бор — 2−8 градус. Бунинг учун махсус техникалар, совутгичлар керак бўлади. Қон маҳсулотини чет элга чиқариш ва олиб кириш эса қонунан тақиқланган», — дея жавоб берди Пўлатова.

Донорнинг ҳуқуқ ва имкониятлари: икки кунлик дам олишдан фахрий донорликкача

Қон топширишнинг донорга ҳам талайгина фойдалари бор. Уларнинг қони доим янгиланиб туриши ҳисобига инфаркт, инсульт ва бошқа юрак касалликларига чалиниш хавфи камаяди. Қолаверса, донорлар қон топширишдан олдин врач қабулида бўлади. Бу доимий равишда саломатликлари ҳақида бепул маълумотга эга бўлиш имконини беради.

донорлик, зиёда рамазонова

Тегишли низомда белгиланишича, донациядан олдин донорга чанқовбосди (яхна) ичимлик ёки ширин чой, донациядан кейин овқат берилиши ёки овқат учун пуллик компенсация тўланиши керак. Республика қон қуйиш марказида олдин ширин чой берилиб, кейин овқат берилади. Шунингдек, марказнинг сайёр гуруҳи турли акциялар давомида институт, завод-фабрика, банк, ҳарбий хизмат жойларига чиққанда донорларга ширин чой, печенье ва яна икки килограммдан шакар беришади.

Донорга ўша куни ҳамда яна қўшимча бир кун ойлик маош миқдори сақлаб қолинган ҳолда ишидан дам олиши мумкинлиги тўғрисида маълумотнома берилади. Бу кунлар донорнинг ихтиёрига қараб меҳнат таътилига ҳам қўшилиши мумкин.

донорлик, зиёда рамазонова

«Бу кўрсатма ёки тавсиянома эмас, балки донорнинг қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқи. Уни бузишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — дея айрим раҳбарларнинг ходимларининг дам олишига рухсат бермаслигига эътироз билдиради мутахассис.

«Қон ва унинг таркибий қисмларидан фойдаланиш тўғрисидаги» низомда донорлар пулли ва беғараз бўлиши айтилган. Республика қон қуйиш марказида пуллик тизимдан асосан плазма донорлари учун фойдаланилади. Сабаби бундай донорларни топиш қийин.

Пўлатованинг аниқлик киритишича, камёб бўлган резус манфий донорлар 600 миллилитр плазма топширса, 330 минг сўмга яқин, иммун донорларнинг шунча миқдордаги плазмасига эса 240 минг сўм берилади.

2014 йилдан буён ҳаёти давомида тўлиқ 40 марта қон ёки 60 марта қоннинг бир элементини топширган инсонларга «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони таъсис этилган. Уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баробари миқдорида (ҳозирда 4 млн 600 минг сўмга тенг — таҳр.) бир марталик пул мукофоти ҳамда кейинчалик бирор касалхонада даволанадиган бўлса, овқат пули тўламаслик имтиёзи берилади.

Турғун бўлмаган донорликка сабаб: кўп туғилиш нисбати, бир кунлик тарғибот

Мукаррам Пўлатовадан нега Ўзбекистонда донорликнинг суст эканини сўраганимизда, у иккита сабабни алоҳида қайд этди.

«Беғараз донорлар кўпайгани, кўпаяётгани ҳисобига донорлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу билан бир пайтда Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўсиб боряпти. Аммо ЖССТ белгилаб берган бир фоизли нисбатга ҳалигача етолганимиз йўқ. Бизда туғилиш кўп бўлгани ҳисобига нисбат пастлигича қолмоқда. Кўпчилик хориж давлатларида донорлик нисбати икки, уч, тўрт фоизгача миқдорни ташкил этади. Бу натижанинг ҳам бир учи туғилишнинг камлигига бориб тақалади», — дейди мутахассис.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда донорлик турғун эмаслиги тарғиботга ҳам бориб тақалади.

«Масалан, ОАВ „Бутунжаҳон донорлар куни“ — 14 июндан бир ҳафта олдин съёмкалар, репортажларга кўп келишади. Ўша пайтда одамлар огоҳ бўлиб, эсига тушади ва келиши кўпаяди. Лекин қон фақат июнь ойида эмас, йил давомида керак бўлади. Шунга мутаносиб ҳолатда тарғибот ҳам йил бўйи давом этиши керак», — дея таъкидлайди Қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи.

донорлик, зиёда рамазонова

Донорлик давомий бўлиши учун биринчи таассурот жуда муҳим

Мутахассиснинг таъкидлашича, баъзан донор бўлиш учун ёш ва вазн бўйича талабларга жавоб бермайдиганлар ҳам қон топширмоқчи бўлади.

«Озғин қизларимиз мендан ҳам олиб қолинг деб илтимос қилишади. Ҳатто бир ёки икки килограмм вазни етмаса ҳам қон олмаймиз. Уларга бироз каттароқ бўлганларида ҳали кўп маротаба қон топширишларини айтамиз. Чунки донорликда биринчи таассурот ҳаммасидан ҳам муҳим», — дейди Мукаррам Пўлатова.

Унинг таъкидлашича, биринчи таассурот яхши бўлса, донор қайта қон топширишга келиши мумкин.

Акциялар ечимми?

Мукаррам Пўлатовага кўра, донорлик даражаси йилда бир неча бор бўладиган акциялар билан кўтарилмайди ёки меъёрлашмайди. Акциялар вақтида қон бирдан кўпайиб кетади. Агар шунга яраша талаб бўлмаса, ишлатилмаслиги ҳам мумкин. Белгиланган муддатда фойдаланилмаган қон эса яроқлилигини йўқотади.

«Республика қон қуйиш марказига бириктирилган касалхоналарда эритроцитар массага талаб жудаям катта. Плазмани икки йилгача сақлаб қолиш имкониятимиз бор, аммо эритроцитар массани 35 кундан узоқ сақлай олмаймиз. Вақтидан ўтса, ташлашимизга тўғри келади. Шунинг учун акцияларни ҳам ойлар нисбатига меъёрлаштириш ва донорлар сони учун чегара қўйишга ҳаракат қиламиз», — дея фикрини изоҳлайди у.

донорлик, зиёда рамазонова

Ўзбекистонда донорлар ва қонга муҳтож инсонларни тез боғлаш учун ёрдам берувчи «Donortop.uz» лойиҳаси асосчиси Илҳомжон Болтабоевнинг айтишича, донорларнинг кўпайиши учун эътибор, қўллаб-қувватлов ҳам муҳим.

«Бир марталик акциялар пухта ечим эмас. Акция орқали қон топширган инсон кўп ҳолларда яна акция қилингандагина бу ҳаракатини такрорлайди. Агар акциялар давомий донорлик қарорини берганда бугун Ўзбекистонда донорлик кўрсаткичи юқори бўлар эди», — дейди у.

Илҳом Болтабоевнинг фикрича, қўллаб-қувватлов пул кўринишида бўлса, донорликка қизиқиш камроқ бўлади. Бу айнан қандайдир имтиёз билан боғлиқ бўлиши мумкин: китоблар, ўқув курслари, жамоат транспортлари, самолётлар, поездлар, турли концертларга ва бошқа харидлар учун қанчадир миқдордаги чегирмалар берилиши ҳам донорликни тарғиб қилиши мумкин.

Кўнгилли донорлар кўпайиши керак, токи беморнинг қариндош-уруғига қийин бўлмасин

Одатда қон топшириш учун икки мақсадда келишади — қариндош-уруғи, таниши учун ёки кўнгилли равишда. Респубика қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи Мукаррам Пўлатованинг таъкидлашича, ўн йил аввал 15 фоиз одамлар кўнгилли, 85 фоизи эса қариндош-уруғи учун топширган. Ҳозирда кўрсаткич тенглашган — 50/50.

«Беғараз донорлар навбатсиз қабул қилинади. Уларнинг қон топширишга қайта келиш эҳтимоли юқори. Чунки улар қони кимга қуйилишини ҳам билмай туриб қон топширишга келади. Уларнинг сафлари кўпайса, яқинининг бошига дард тушган қариндош-уруғларга енгиллик бўлади», — дейди мутахассис.

«Қон топшириш — қаҳрамонлик. Тасаввур қилиб кўринга, бир томчи қонингиз туфайли бошқа бир инсоннинг юраги уришда давом этмоқда. Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳисси ҳамма нарсадан устун, назаримда», — дея қўшимча қилади у.

донорлик, зиёда рамазонова

Мукаррама Пўлатова кўпроқ кўнгилли тарзда қон беришга интилиш кераклигини, шунда беморларнинг қариндош-уруғига қийин бўлмаслигини айтади.

«Улар шундоқ ҳам яқинининг бошига кулфат тушганида сиқилиб, оғир руҳий ҳолатда туришади. Бундай пайтда ўзини қўлга олишсинми, дори-дармонга югуришсинми ё қон топширишга? Бугун донор сифатида топширадиган қонимиз, келгусида ўзимиз, яқинларимизга қайтади. Чунки яхшилик доим қайтган. Айни кўринишда бўлмасада, бошқа турли ҳолатларда», — дейди Республика қон қуйиш маркази «Донорларни жамлаш» бўлими бошлиғи.